Ар-Риёд яна Россия ва АҚШ учун музокара майдони бўлади

Олам

image

Жорий йилнинг 24 март куни Россия ва АҚШ вакиллари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида учрашади. Бу ҳақда Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц билан телефон орқали суҳбатдан сўнг маълум қилди.

Россия делегациясига сенатор Григорий Карасин ва Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) директорининг маслаҳатчиси Сергей Беседа раҳбарлик қилади. Украин разведкаси илгари Сергей Беседани Украина учун “жуда муаммоли шахс” деб атаган эди.

“Бу ҳақиқатан ҳам халқаро масалаларни яхши тушунадиган тажрибали музокарачилар. Душанба куни бўлиб ўтадиган маслаҳатлашувлар самарали бўлишига умид қиламиз”, деди Юрий Ушаков.

Унинг сўзларига кўра, икки давлатнинг экспертлар гуруҳи Қора денгиз акваториясида кемалар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташаббусни ишлаб чиқиш учун йиғилади. Ушаков 2022 йил июлида БМТ воситачилигида имзоланган “дон келишуви” мисолида шундай халқаро битимларни келтирган. Ўшанда Россия, Украина, Туркия ва БМТ келишувга эришган, бироқ Москва бир йил ўтиб, айрим шартлар бажарилмаганини сабаб қилиб кўрсатиб, келишувдан чиққан.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф “Fox News” телеканалига берган интервьюсида Украина бўйича тинчлик музокараларининг навбатдаги босқичи 23 март, якшанба куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтишини айтган эди. Музокарада АҚШ томонидан Давлат котиби Марко Рубио ва Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц иштирок этади. Тадбир давомида 18 март куни АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида эришилган келишувларни батафсил муҳокама қилиш режалаштирилган.  


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Саудия Арабистони Ар-Риёд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг