Украина Москвадаги МДҲ етакчилари учрашувини нодўстона қадам деб атади

Олам

image

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 78 йиллиги муносабати билан Москвада ўтказилган тантаналарда иштирок этишини нодўстона қадам деб атади. Тегишли баёнот вазирлик сайтида эълон қилинди.

“Европада уруш бошланганини кўз-кўз қилган ҳарбий жиноятчи билан биргаликда хорижий давлатлар раҳбарларининг оммавий тадбирда иштирок этишини Украинага ахлоқсиз ва нодўстона қадам, омон қолиш ва озодлиги учун курашаётган Украина халқига нисбатан нафрат кўрсатиш, деб биламиз”, дейилади вазирлик баёнотида. 

Шунингдек, расмий Киев учрашувдан бир кун олдин Россия Федерацияси Украинага 25 та қанотли ракеталарни учиргани, бу эса Украина тупроғида янада кўпроқ ўлим ва вайронагарчиликка олиб келганини эслатган. 

Таъкидланишича, тадбирда сўзга чиққан Россия Президенти Владимир Путин украиналикларнинг ўлдирилиши, Украина шаҳар ва қишлоқларининг вайрон қилиниши, украиналик болаларнинг ўғирланиши ва босиб олинган ҳудудлар аҳолисига нисбатан репрессияларни оқлаган. Иштирокчиларга эса Россиянинг Украинага қарши агрессив урушида қўллаётган ҳарбий техникалар намойиш этилган.

“Бундан 78 йил аввал нацизм устидан қозонилган ғалабага Ўрта Осиё ва Кавказ халқлари беқиёс ҳисса қўшган. Улар Кремль томонидан нацизм устидан ғалаба қозонганларнинг жасорати билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган сохта акцияда иштирок этиш учун фойдаланиш тақдирига лойиқ эмас”, дейилади Украина ТИВ баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 9 май куни деярли барча МДҲ давлатлари: Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари Москвада бўлиб, Қизил майдондаги марказий трибунадан Ғалаба парадини томоша қилганди. Сўнгра улар Александр боғидаги Номаълум аскар ёдгорлигига гул қўйди.


Мақола муаллифи

Теглар

Москва Украина Ғалаба паради

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг