Мирзиёевнинг Москвага сафари якунланди

Жамият

image

Бугун, 9 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия раҳбари Владимир Путиннинг таклифига биноан Москвага амалий ташрифи доирасида Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Москванинг Қизил майдонида Ғалаба паради бўлиб ўтган. Уни Беларусь фуқароси Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон етачиси Садир Жапаров, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳам кузатган.

Тадбирдан сўнг Ўзбекистон раҳбари бошқа давлатлар етакчилари билан бирга Александр боғидаги “Номаълум аскар” ёдгорлигига гулчамбар қўйган ва Иккинчи жаҳон урушида Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган аскарлар, шу жумладан, ўзбек ўғлонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирган.

Шу билан Мирзиёевнинг Россияга амалий ташриф якунланган. Аэропортда Ўзбекистон Президентини Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйган. 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон халқининг Буюк Ғалабага қўшган ҳиссаси беқиёс. 1941 йилда республика аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд кишини ташкил этган бўлса, уруш бошланиши билан қарийб 2 миллион ўзбекистонлик фронтга отланган. Ҳар бири том маънода қаҳрамон бўлган бу азиз инсонларнинг 500 мингдан зиёди шафқатсиз жангларда ҳалок бўлган, яна минглаб одамлар урушдан ногирон бўлиб қайтган.

Ўзбек халқи туну кун тинимсиз меҳнат қилиб, улкан миқдордаги озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа, дори-дармон захираларини жанг майдонларига узлуксиз етказиб берган. Бомба ва снарядлар тинимсиз портлаб турган ҳудудлардан 170 га яқин завод ва фабрикалар Ўзбекистонга эвакуация қилинган ва қисқа муддатда қайта ишга туширилган.

Урушдан жабр кўрган 1 миллион 500 мингдан ортиқ кексалар, аёллар ва болалар республикага кўчириб келтирилган. Уларнинг 200 мингдан зиёди ота-онасидан айрилган етим болалар бўлган.

Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон урушида жанг қилган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган аждодларнинг жасоратини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳар йили рағбатлантирилмоқда, уларнинг соғлиғини асрашга устувор аҳамият берилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида улкан Ғалаба боғи очилган бўлиб, унда “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги ва Шон-шараф музейи барпо этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Мирзиёев Ғалаба паради

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг