Москва тарихида 19 йилдан бери ҳарбий техникаларсиз ва энг қисқа парад ўтказилди

Олам

image

Бугун, 9 май куни Москвадаги Қизил майдонда ўтказилган Ғалаба паради тахминан 45 дақиқа давом этди ва замонавий тарихдаги энг қисқа парадлардан бирига айланди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Бу йилги парад 2025 йилдаги юбилей парадига нисбатан деярли икки баробар қисқа бўлган. Ўтган йилги тадбир тахминан бир ярим соат давом этган эди.

2024 йилдаги парад 50 дақиқадан бироз кўпроқ давом этган: жонли эфир Москва вақти билан соат 10:00 да бошланиб, тахминан 10:52 да якунланган. Фақат 2023 йилдаги парад давомийлиги жиҳатидан бу йилги тадбирга яқин бўлган – у тахминан 47 дақиқа давом этган.

2022 йилда парад айнан 1 соат, 2021 йилда эса 1 соат 5 дақиқа давом этган. Пандемия сабаб 24 июнга кўчирилган 2020 йилги парад – 1945 йилдаги тарихий парад санасида ўтказилган. У 1 соат 15 дақиқа давом этган.

2010–2019 йиллар орасидаги деярли барча парадлар камида бир соат давом этган. Масалан, 2019 йилда тахминан 1 соат, 2018 йилда 1 соат 5 дақиқа, 2016 йилда 1 соат 10 дақиқа, 2015 йилда эса 1,5 соат бўлган.

2014, 2013 ва 2009 йиллардаги парадлар 1 соат 10 дақиқа давом этган. 2012 ва 2011 йиллардаги тадбирлар тахминан 1 соат, 2010 йилги парад эса 1 соат 15 дақиқа бўлган.

Фақат 2017 йилдаги парад ёмон об-ҳаво сабаб қисқартирилган ва у 50 дақиқа давом этган. Ўшанда ҳаво қисми бекор қилинган эди.

Бу йил Москвадаги парад сўнгги 19 йил ичида биринчи марта ҳарбий техникаларсиз ўтказилди. Қизил майдондан ракета мажмуалари ва танклар ўрнига фақат саф тортиб юрувчи колонналар ўтди.

Трансляция вақтида қурол-яроғ намойиши видеороликлар билан алмаштирилди. Томошабинларга дронлар, ядровий қуроллар, шунингдек «Архангельск» ва “Князь Владимир” атом сувости кемалари акс этган ролик намойиш қилинди. Унда энг янги Россия ҳарбий техникаси намуналари кўрсатилган.

Шунингдек, узоқ йиллардан бери биринчи марта парад трибуналарига Давлат думаси депутатлари ва ҳукумат аъзолари қўйилмади. Владимир Путин ёнида фақат Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Президентга энг яқин амалдорлар, куч ишлатар тузилмалар раҳбарлари, Президент администрацияси ва парламент палаталари раҳбарлари ўтирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 май куни кечқурун АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия ва Украина 9, 10 ва 11 май кунлари уч кунлик ўт очишни тўхтатиш ҳамда ҳар икки томондан минг нафардан асир алмашиш бўйича келишувга эришганини билдирган. Кейинроқ бу маълумотни Путин ёрдамчиси Юрий Ушаков тасдиқлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Москва Ғалаба паради парад

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг