Украина ҳозиргача ҳеч ким унга бермаган кучли ракетани Германиядан олмоқчи
Олам
−
27 Май 2023
7867Украина Германиядан Taurus типидаги қанотли ракеталарни сўради. Бу ҳақда “Spiegel” хабар берди.
Қайд этилишича, Taurus ракетаси Буюк Британия Storm Shadow ракетасининг немис аналоги ҳисобланади. Германия Мудофаа вазирлиги мазкур хабарни тасдиқлаган. Аммо Украина қанча миқдорда ракета олиш истагини билдиргани маълум қилинмаган. Вазирлик матбуот котибининг немис нашрларига берган интервьюсида мамлакат ушбу сўровни бир неча кун аввал олганини айтган, лекин Германиянинг Украинага ракета етказиб бериш эҳтимоли қанчалик эканини очиқламаган.
Маълумот учун, ушбу ракета Германия ва Швеция ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳозирда Германиядан ташқари Испания ва Жанубий Кореяда ҳам қўлланилади. Taurus ҳаводан учириладиган қанотли ракеталар типига киради. Унинг оғирлиги 1400 килограмни, корпусининг диаметри 1 метргачани ташкил этиб, 500 километргача узоқликдаги нишонларни йўқ қилиши мумкин. Taurus 2005 йилдан бошлаб фойдаланиб келинмоқда. Унинг нархи 1,12 миллион долларга баҳоланади.
Taurus типидаги ракеталар юқори аҳамиятга эга объектлар, ҳарбий бўлинмалар ёки фронт чизиғидан анча ичкаридаги ёнилғи қуйиш манзиллари ва чуқур жойлаштирилган бункерлар каби кучайтирилган нишонларни йўқ қилиши мумкин.
Агар Германия Украинанинг сўровини қаноатлантириб, унга Taurus ракеталарини берса, у Украина учун узоқ масофали ракета етказиб берган иккинчи давлатга айланади. Олдинроқ Буюк Британия 300 километр аниқликда зарба бера олувчи Storm Shadow ракетасини Украинага беришга рози бўлганди.
Украина анча вақтдан буён иттифоқчиларидан шу каби узоқ масофали ракеталарни етказиб беришни сўраб келади. Бироқ унга асосан қисқа масофали қуроллар етказиб бериляпти. Масалан, ўтган йилнинг октябрь ойида Украина АҚШдан 297 километр аниқликка эга ATACMS ракетасини юборишни сўраган. Бироқ АҚШ эскалация хавфи сабаб бу қуролни Украинага беришни истамаган.
LiveБарчаси