Ўқитувчиларни танқид қилишнинг фойдаси йўқ – АҚШ ва Россиядан моддий ёрдам кутаётган Шерматов
Интервью
−
19 Декабрь 2019
11070Яқинда Олий Мажлис Сенатининг 25-ялпи мажлиси бўлиб ўтганди. Мазкур мажлисда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов QALAMPIR.UZ сайтига 2020 йилда вазирлик тизимида амалга оширилиши кўзда тутилган режаларни очиқлади.
Унга кўра, йил давомида бир нечта янги лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Шулардан бири “English speking nation” деб номланган инглиз тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш лойиҳасидир. Ҳозирда тизимда 33 минг атрофида инглиз тили ўқитучилари мавжуд. Лекин улар инглиз тилини қай даражада билади, деган савол қийин савол эканини таъкидлади Шерматов.
“Энди уларни танқид қилишнинг фойдаси йўқ. Ундан кўра янги лойиҳалар учун АҚШдан грант олдик, Буюк Британиянинг “British Council” ташкилоти билан ҳам ҳамкорлик қилмоқдамиз. Ўқитувчилар учун алоҳида малака ошириш курслари ташкиллаштирамиз. Курс якунига етгач, жуда кўплаб ўқитувчиларга “TESOL” халқаро сертификати (инглиз тили даражасини белгиловчи) берилади. Бу сертификатни олган ўқитувчи дунёнинг исталган ривожланган давлатида инглиз тили фанидан дарс бера олади.
Бироқ ўқитувчи ушбу сертификатга ўзи эга бўлмоқчи бўлса, камида 1500 АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлаши керак бўлади. Биз ўқитувчиларга текинга бу имкониятни қилиб берамиз.
Шунингдек, улар сертификатини олиши билан четга кетиб қолишининг олдини олиш учун шартнома тузамиз. Улар тизимимизда камида 3 йил ишлаб бериши керак бўлади. Инглиз тили ўқитувчимизнинг билими яхши бўлса, ўқувчиларимизнинг ҳам билими яхши бўлади. Шундагина бошқа соҳаларни ривожлантириш мумкин”, дейди Халқ таълими вазири.
У яна рус тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш учун Россия Федерациясидан ёрдам олиш масаласида музокаралар кетаётганини айтди. Вазирлик тизимида 30 мингдан ортиқ рус тили ўқитувчилари борлиги, уларнинг малакасини оширишга яхшигина маблағ жалб қилиш зарурлигини тушунтирди.
“Афсуски аксарият рус тили ўқитувчиларининг тилни билиш даражаси ҳам ачинарли аҳволда. Уларга халқаро даражадаги экспертлар ёрдам бериши лозим. Россиядан маблағ ололсак, ўзимизнинг бюджет пулимизни бошқа фанларни ривожлантиришга сарфлашимиз мумкин”, дейди Шерматов.
Маълумот учун, British Council – Буюк Британиянинг маданият ва таълим соҳасидаги халқаро ташкилоти бўлиб, дунёнинг 100дан ортиқ давлатида ваколатхоналари мавжуд.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь