Ўқитувчи хор – куради қор. Ангренда нима бўлди? (видео)

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Ангрен шаҳар прокурори Улуғбек Қобилжонов мактаблардан бирини кўздан кечираётиб, муассаса ҳудуди қордан тозаланмаганидан эътироз билдиргани тасвирланган видео тарқалди.

“22-мактабдамиз, умуман тозаланмаган қордан. Мана 2-3 кундан кейин мактаб бошланади. Умуман тозаланмаган. Ўқитувчилари ҳам йўқ, ойлик олиб ётишибди, бекордан бекор. Ҳамма мактаб ўзига хулоса қилсин. 4 та сектор юрибмиз мана. Ҳоким – бош, “началний мелиса”миз. Умуман тозаланмаган. Хулоса қилинглар, бўлмаса биз хулоса қиламиз”, дея прокурор, ўзи ҳолатни видеога олган.

Ушбу видеодан сўнг инглиз тилига ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчилари прокурор танқидидан кейин мактабни тозалашга чиққани ҳақида кинояли пост қолдирган ва суратларни эълон қилган.

“Прокурор сўзи биз учун қонун! Ўқитувчилар тозаламаяпти деб танқид қилгандан сўнг, дарров ўқитувчилар етиб келиб қорларни тозалаб ташлашди. 4 та сектордан ўқитувчиларга яна кимнинг қандай буйруғи бор? Ўқитувчилар йиғилиб турганда айтиб олинглар. Ойлигини ҳалоллаб олишсин!” дея киноя қилади муаллиф.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳолат юзасидан муносабат билдириб, ҳолат Бош прокуратура назоратига олинганини маълум қилган.

“Бош прокуратура раҳбарияти билан гаплашдим, ҳолат айни дамда назоратга олинган ва ўрганилмоқда. Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан педагог ходимларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш қатъиян тақиқланганини эслатиб ўтаман. Ўқитувчи қадрланмаган юрт ҳеч қачон тараққий этмайди. Шу боис барчадан, жумладан, мутасадди раҳбарларимиздан бугун давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ўқитувчиларни улуғлаш ва жамиятда энг обрўли инсон қилиш давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаб, бу борада энг аввало ўзимиз ўрнак кўрсатишимизни сўраб қоламан”, деган вазир.

Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисида”ги Конвенциянинг (Женева, 28.06.1930) 6-моддасига асосан маъмурият амалдорлари, ҳатто уларнинг вазифаси уларга ишониб топширилган аҳолини қандайдир меҳнат шакли билан банд қилишга кўмаклашишдан иборат бўлса-да, ушбу аҳоли ёки алоҳида шахсларни хусусий шахслар, компаниялар ёки ташкилотлар учун ишлашга мажбур қилиши мумкин эмаслиги ҳақида пост қўйилган.

Тошкент вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, Ангрен шаҳар прокурори Улуғбек Хабилжонов фаолиятда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун интизомий жазога тортилган.

Шундан сўнг Ангрен шаҳар прокурори Улуғбек Хабилжонов муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат юзасидан мажбурий меҳнатга жалб қилинган ўқитувчилардан узр сўраб, видеомурожаат йўллаган. У ўқитувчиларни қор курашга чақирмаганини, аксинча, мактаб маъмуриятига ҳолатни бартараф этиш учун масъул ходимларни жалб қилишни сўраганини рўкач қилди.

“Мен мактаб ҳудудини тозалаш учун ўқитувчиларимиз сафарбар қилинишини назарда тутмаганман. Мен ушбу ҳолатдан қаттиқ афсусдалигимни билдириб, барча мураббий ва ўқитувчилардан узр сўраб қоламан”, дея қўшимча қилган прокурор.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўқитувчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made