Уилл Смитга 10 йил давомида “Оскар” тақдимотида қатнашиш тақиқланди
Маданият-санъат
−
09 Апрель 2022
12511Америка Кино санъати ва фанлари академияси (AMPAS) актёр Уилл Смитга “Оскар” мукофотини топшириш маросимида қатнашишни ўн йилга тақиқлади.
“Кенгаш 2022 йилнинг 8 апрелидан бошлаб 10 йил давомида жаноб Смитга Академиянинг бирон бир тадбири ёки дастурида шахсан ёки виртуал иштирок этишига рухсат берилмаслигини белгилади”, дейилган AMPAS президенти Дэвид Рубиннинг баёнотида.
Ушбу қарорга Смит ўз муносабатини билдирди.
“Мен Киноакадемия қарорини қабул қиламан ва ҳурмат қиламан”, деган Уилл Смит.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 март куни “Оскар” мукофотини топшириш маросимида “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинацияси ғолиби аниқланишидан олдин шов-шувли воқеа содир бўлди. Бошловчи Крис Рок алопециядан азият чекадиган Смитнинг рафиқаси, актриса Жада Пинкетт-Смитнинг кал боши устидан кулди. Сўнг Смит саҳнага чиқиб, Рокга тарсаки туширди.
Маросимдан кейин ўз ҳаракати муҳокамаларга сабаб бўлгач, Уилл Смит Кино санъати ва фанлари академиясидан истеъфога чиққанини маълум қилганди.
Маълумот ўрнида, Смит “Қирол Ричард” драмасидаги роли учун “Энг яхши актёр” номинациясида “Оскар”ни қўлга киритди. Актёр учун бу “Оскар”даги учинчи номинацияси ва биринчи ғалабадир. Фильмда у машҳур америкалик теннисчиларнинг отаси ва мураббийи Ричард Уильямс ролини ўйнаган.
LiveБарчаси