Уфадаги нефть заводлари дрон ҳужумига учраб, ёниб кетди

Олам

image

Бугун, 25 июнь куни эрталаб Украина дронлари Россиянинг Бошқирдистон ҳудудидаги Уфа шаҳрида жойлашган “Роснефть” компаниясига тегишли нефтни қайта ишлаш корхоналарига дрон ҳужуми уюштирди. Ҳужумдан кейин учта йирик нефтни қайта ишлаш объектида ёнғин юз берган. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.

Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) маълумотларига кўра, ҳужум махсус операция диорасида амалга оширилган.

“УХХнинг Альфа махсус операциялар маркази аскарлари Уфадаги Башнефт гуруҳининг нефтни қайта ишлаш заводларига муваффақиятли зарба беришди. Нишонлар Украина чегарасидан 1500 километр узоқликда жойлашган”, дейилади баёнотда.

Маълумотларга кўра, зарба оқибатида зарар етган “Башнефть-Новойл” заводи йилига 7,3 миллион тонна, “Башнефть-Уфанефтехим” эса 9 миллион тонна нефтни қайта ишлаш имкониятига эга. “Аста” нашрининг хабар беришича, “Башнефть-УНПЗ” ҳам ҳужум нишонига айланган бўлиши мумкин. Мазкур заводнинг йиллик нефтни қайта ишлаш имконияти қарийб 7 миллион тоннага тенг.

УХХ маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида нефтни дастлабки қайта ишлаш жараёнини амалга оширувчи АВТ блокларида ёнғин юзага келган. Гувоҳларнинг тасвирлари камида иккита алоҳида ёнғинни тасдиқлайди. Интернетда тарқалган видеоларда нефтни қайта ишлаш заводлари устида қора тутун кўтарилгани кўринган.

Бошқирдистон раҳбари Радий Хабиров ҳам Уфага дрон ҳужуми бўлганини тасдиқлаган. Унинг айтишича, Россия ҳарбийлари ҳужумни қайтаришга уринган ва дрон қолдиқлари саноат ҳудудига тушган. Ҳодиса оқибатида технологик жараёнлар тўхтамаган.

Маълумот учун, “Башнефть” компанияси “Роснефть” таркибига кириб, бунда Уфанинг шимолидаги саноат ҳудудида бир-бирига яқин жойлашган учта йирик нефтни қайта ишлаш заводини бошқаради.

Аввалроқ ҳам ушбу ҳудуддаги корхоналар дрон ҳужумларига учраган. Жумладан, 2026 йил март ойида Уфанинг саноат зонасида дрон ҳужуми ортидан ёнғин чиққан. Апрель ойида эса “Башнефть-Новойл” заводининг АВТ-5 қурилмасига зарба берилган.

Украина томони Россиядаги нефть инфратузилмаларига ҳужумларни урушни давом эттириш имкониятларини чеклаш мақсадида амалга оширилаётганини билдиради. Украина Президенти Владимир Зеленский Уфа нефть заводлари ва Кубандаги нефть базасига қилинган зарбаларни Россиянинг Украинага қарши ҳужумларига “жавоб” сифатида баҳолаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ аннексия қилинган Қримнинг ғарбий ва шимолий қисмидаги Евпатория, Жанкой ва қатор бошқа аҳоли пунктлари ҳужумга учраганди ва аҳоли электрсиз қолган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг