Россиядаги даҳшатли ЙТҲда 3 кишининг ўлимига сабаб бўлган ўзбекистонлик қамалди
3-саҳифа
−
13:35 1517 2 дақиқа
Уфанинг Октябрь туман суди 12 та автомобиль иштирокида уч кишининг ўлимига олиб келган йўл-транспорт ҳодисаси содир этган 28 ёшли ўзбекистонлик самосвал ҳайдовчисини тўққиз йилга манзил-колонияда жазо ўташга ҳукм қилди. Бу ҳақда Башқиристон прокуратураси матбуот хизматига таяниб, “Коммерсантъ” хабар берди.
Қайд этилишича, у ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, эҳтиётсизлик туфайли икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлишда айбдор деб топилган (Россия Жиноят кодексининг 264-моддаси 6-қисми “в” банди).
Маълум бўлишича, 2025 йилнинг октябрь ойида судланувчи юк автомобилини бошқариш бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ҳолда ноқонуний равишда юк ташиган. Автомобиль тормоз тизимида носозлик бўлиб, у буни текшириб кўрмаган. У ташилаётган юк вазнини ошириб юборган, ўзи бошқараётган транспортнинг хусусиятлари ва ҳолатини, йўл шароитини ҳисобга олмаган ва рухсат этилган ҳаракат тезлигини оширган.
Судланувчи оғир юк транспорти бошқарувини йўқотиб, Уфа шоссеси ва Чудская кўчалари кесишмасидаги тартибга солинадиган чорраҳага яқинлашганда бир йўналишдаги 12 та автомобиль билан тўқнашган. Оммавий аварияда уч киши ҳалок бўлган, бир нафар йўловчининг соғлиғига оғир зарар етган.
Суд унга жазо муддатини ўтаб бўлганидан кейин яна уч йил давомида транспорт воситаларини бошқариш билан шуғулланишни тақиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Республикасининг Қизилўрда вилоятида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 3 ўзбекистонлик ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси