ЎФА Каннаваро кетиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни рад этди
Спорт
−
21:04 467 2 дақиқа
Аввалроқ, инсайдер Фабрицио Романо Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Осиё кубогининг ўтказилиш муддати ўзгаргани учун ўз лавозимидан кетиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Бироқ Ўзбекистон футбол ассоциацияси мазкур хабарни рад этди.
“Сўнгги соатларда айрим хорижий манбаларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Осиё кубоги-2027 мусобақаси муддатининг ўзгартирилиши ортидан ўз лавозимини тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ўзбекистон футбол ассоциацияси мазкур хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилади”, дейилади расмий баёнотда.
Шунингдек, ассоциация оммавий ахборот воситалари ва футбол мухлисларидан тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликни ҳамда расмий хабарларга таянишни сўраган.
Маълумот учун, Каннаваро 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган ва Тимур Кападзе ўрнини эгаллаган эди. Италиялик мутахассис Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан 2+3 йиллик схема бўйича шартнома имзолаган. Яъни, Каннаваронинг мажбурий шартномаси 2027 йилнинг октябригача амал қилади. У Ўзбекистон терма жамоасигача Италиянинг “Беневенто” ва “Удинезе”, шунингдек, Хорватиянинг “Динамо Загреб” клубларида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Осиё футбол конфедерацияси Саудия Арабистонидаги маҳаллий ташкилий қўмита ҳамда мамлакат футбол федерацияси билан келишган ҳолда 2027 йилги Осиё кубогининг ўтказилиш саналарини ўзгартиргани ҳақида хабар берилган эди. Дастлаб 2027 йил 7 январдан 5 февралга қадар ўтказилиши режалаштирилган мусобақа энди 2027 йил 23 декабрдан 2028 йил 21 январгача бўлиб ўтади.