Учтепадаги фожиа юзасидан жиноят иши қўзғатилди
3-саҳифа
−
11 Октябрь 2023
13644Бугун, 11 октябрь куни соат 14:21 да Тошкент шаҳар Учтепа тумани “Бешқайрағоч” кўчасида оқова (чиқинди) сувлари учун мўлжалланган чуқурлик (котлован) қазиш вақтида содир бўлган ўпирилиш оқибатида 2 нафар фуқаронинг ҳалок бўлиши ортидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Қайд этилишича, бугуннинг ўзида мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 257 (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 258-моддалари (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Шамсутдиновнинг билдиришича, ҳозирда, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, Учтепа туманида содир бўлган ушбу фожиа содир бўлган вақтда 5 нафар “Шафоат” масъулияти чекланган жамият ходимлари ишлаётган бўлган. Бироқ тупроқ кўчиши оқибатида фақат 2 нафар ишчи ходим ҳаётдан кўз юмган. 1 нафари айни дамда шифохонада, қолган 2 нафар ишчиларнинг аҳволи қониқарли деб топилиб уйига жавоб берилган.