ОЧЛ. “Пахтакор” меҳмон жамоага мағлуб бўлди
Спорт
−
19 Сентябрь 2023
7239Бугун, 19 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги “Бунёдкор” стадионида Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ) гуруҳ босқичининг 1-тури доирасида мезбон жамоа “Пахтакор” Бирлашган Араб Амирликларининг “Ал-Айн” клуби билан ўзаро баҳс олиб борди.
Учрашувнинг 11-дақиқасида Коджо Фо-До Лаба ҳисобни очди ва “Ал-Айн”ни олдинга олиб чиқди. Омадсиз старт олган “Пахтакор” футболчилари майдон марказида бир-бирини тушунмаслиги оқибатида қўпол хатога йўл қўйди. Бундан унумли фойдаланган Ҳолид Ал Балоуши 25-дақиқада “шерлар” дарвозасини иккинчи бор ишғол қилди.
Иккинчи бўлимда вазиятни сал бўлсада ўз томонига оғдирган Ўзбекистон вакиллари фақатгина 60-дақиқада рақиб ҳимоясини бузиб ўтди, бироқ Драган Черан қулай имкониятни йўққа чиқарди. Орадан 6 дақиқа ўтиб эса “Ал-Айн” футболчиси Лаба ўз номига дубл ёздириб қўйди – 3:0.
Шу тариқа “Пахтакор” меҳмон жамоадан 3 та жавобсиз тўп қабул қилган ҳолда мағлубиятга учради.
Эслатиб ўтамиз, еча, 18 сентябр куни 3 та Ўзбекистон клуби Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ) ўйинларида майдонга тушди. Олмалиқнинг ОКМК клуби “Ал-Иттиҳод”га 3:0 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, “Навбаҳор” Неймар бошчилигидаги “Ал-Ҳилол” билан 1:1 кўринишида дуранг ўйнади. Фақат Қаршининг “Насаф” жамоаси кунни ғалаба билан якунлади. У сафарда “Ал-Файсали”ни мағлуб этди.