Тўйиб ухламайдиган болалар ўсишдан тўхташи мумкин
Олам
−
19 Февраль 1279 2 дақиқа
Болаларда уйқу етишмаслиги уларнинг ўсишдан тўхташига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда “Газета.ру” хабар берди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тўлақонли уйқу соғлиқ ва организмнинг нормал фаолияти учун ниҳоятда муҳим, айниқса болалар учун. Уйқу бузилиши қўшимча касалликларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Уйқусизлик эмоционал муаммолар, хотира ва диққатнинг пасайиши, реакция тезлигининг сусайиши, асабийлик ва кайфият ўзгаришларига олиб келади. Атиги 4 соатлик уйқу йўқотилиши реакция тезлигини 45 фоизга камайтиради. Қўшимча 20 дақиқа уйқу эса боланинг мактабдаги ўзлаштиришини яхшилаши мумкин. Шунингдек, етарли уйқу диққат етишмовчилиги ва гиперфаоллик синдроми белгиларини камайтиришга ёрдам беради.
Шифокор тавсиясига кўра, болалар қуйидагича ухлаши керак:
- 1–3 ёш — кунига камида 11 соат;
- 3–6 ёш — камида 10 соат;
- 6–13 ёш — камида 9 соат;
- 13–17 ёш — камида 8 соат;
Уйқу тез ва секин фазаларга бўлинади. Секин уйқу уч босқичдан иборат бўлиб, айниқса учинчи босқич энг муҳим ҳисобланади. Айнан шу даврда болада ўсиш ва ривожланиш учун зарур бўлган гормонлар, энг аввало ўсиш гормони – соматотропин ишлаб чиқарилади. Бу гормон боланинг бўй ўсишини таъминлайди, тўқималар ва мушакларнинг янгиланишини тезлаштиради, ёғ тўпланишини камайтиради, мушак массасини оширади, суяк зичлигига таъсир қилади ва моддалар алмашинувини тартибга солади.
Ўсиш гормони энг юқори миқдорда соат 23:00 дан 01:00 гача ишлаб чиқарилади. Агар бола 22:00 дан кейин ухлаб қолса, у ушбу муҳим даврда етарли даражада чуқур уйқу босқичидан ўта олмайди. Бундан ташқари, уйқудан олдин овқатланиш (энг яхшиси уйқудан 2–3 соат олдин овқатланишни тўхтатиш), шунингдек кечқурун тез ҳазм бўладиган углеводлар – ширинликлар, печенье, пирожний ва шакар истеъмоли ўсиш гормони ишлаб чиқилишини камайтиради.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, агар бола вазн йиға бошласа, тез-тез касалланса, ўсиши тўхтаса ёки йил давомида ўсиш суръати пасайса, ўқиш кўрсаткичлари ёмонлашса, биринчи навбатда кун тартибини тўғрилаш зарур. Айниқса, уйқудан камида икки соат олдин телефон, планшет ва телевизор каби гаджетларни чеклаш керак, чунки улар асаб тизимини қўзғатиб, ухлаб қолишни қийинлаштиради. Шундан сўнг албатта болалар эндокринологига мурожаат қилиш тавсия этилади.
Агар бола уйқуда юриб кетса (лунатизм), тез-тез қўрқинчли тушлар кўрса ёки уйқуда бақирса, бу тез уйқу фазаси бузилганидан дарак бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ёнбошлаб – эмбрион ҳолатида ёки «қаламча» ҳолатида (қўл-оёқлар чўзилган ҳолда) ухлаш умуртқа поғонасига тушадиган юкни камайтиради, кислота рефлюкси аломатларини енгиллаштиради ва қон айланишини оптимал даражада сақлаши ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси