Тутанҳамон қабри вайрон қилинмоқдами?

Олам

image

Мисрнинг Туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлиги 3,3 минг йилдан ортиқ тарихга эга бўлган Луксордаги фиръавн Тутанҳамон қабри вайрон бўлаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Бунга қадар “Daily Mail” газетаси олимларга таяниб, қабр ичида намлик туфайли замбуруғ (грибок) пайдо бўлаётгани ва унда ёриқлар ҳосил бўлаётгани ҳақида хабар берган эди.

“Қадимий ёдгорликлар ишлари бўйича Олий кенгаш бош котиби Муҳаммад Исмоил Холиднинг маълум қилишича, бу даъволар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди, қабр яхши сақланган ва унинг тузилиши ёки деворларида ҳеч қандай хавф йўқ”, дейилади Миср Туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлиги баёнотида.

Қайд этилишича, кенгаш Пол Гетти номидаги Американинг илмий маркази билан ҳамкорликда Тутанҳамон қабрини сақлаш ва унинг ҳолатини кузатишга қаратилган ишларни мунтазам олиб боради.

Муҳаммад Исмоил Холиднинг қўшимча қилишича, илмий экспертизалар ва институт томонидан ўтказилган сўнгги тадқиқотлар қабри 1922 йилда очилган пайтдан бери ҳолатида ҳеч қандай ўзгариш ёки ёмонлашув юз бермаганини кўрсатган.

Вазирликка кўра, хорижий ОАВ таянган тадқиқот нотўғри тахминларга асосланган бўлиши ёки фиръавн Тутанҳамоннинг қабри ҳақида бўлмаган бўлиши мумкин.

Маълумот учун, Тутанҳамон қабри 1922 йилда инглиз тадқиқотчиси Говард Картер томонидан Қироллар водийсида археологик қазишмалар давомида топилган. Қабр ичида милоддан аввалги 1327 йилда вафот этган мисрлик фиръавн Тутанҳамоннинг мумиёси бўлган. Ҳозирда Тутанҳамон мумиёси ва унинг қабри топилмалари асосан Қоҳира музейида сақланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мисрнинг Ал-Баҳнаса шаҳрида 2000 йиллик 23 та мумиё топилганди. Дафн этилганларнинг юзларида олтин ва рангли дафн ниқоблари, иккита мумиёнинг оғзида эса тилларанг тил бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

фиръавн Тутанҳамон Муҳаммад Исмоил Холид

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг