Туркманистонликлар бўлажак Президентини сайлашни бошлади

Олам

image

Туркманистонда бугун, 12 март куни эрталаб соат 7:00 дан навбатдан ташқари президентлик сайловларида овоз бериш учун сайлов участкалари очилди. Сайловда тўққиз нафар номзод иштирок этмоқда.

Республикада овоз бериш учун 2,5 мингдан ортиқ сайлов участкаси ташкил этилган. 30 та хорижий давлатда яна 41 та участка ташкил этилган.

Сайлов участкаларида овоз бериш Туркманистон Марказий сайлов комиссиясининг saylav.gov.tm сайти орқали онлайн трансляция қилинади. Сайлов жараёни ҳам миллий телевидение ва радио орқали жонли эфирда ёритилади.

Овоз бериш жараёнини 2726 нафар миллий кузатувчи кузатиб бормоқда. Бундан ташқари, Туркманистон томонининг таклифига биноан мамлакатга МДҲ, Туркий тилли давлатлар кенгаши, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, бир қатор қўшни давлатлардан кузатувчилар миссиялари етиб борган.

Сайлов участкалари 19:00 гача ишлашни давом эттиради, шундан сўнг овозларни санаш бошланади.

Туркманистон миллий қонунчилигида президентлик сайловларида явка чегараси белгиланмаган.

Республика Сайлов кодексига мувофиқ сайловчилар сонининг 50 фоиздан ортиқ овозини олган номзод сайловда ғолиб деб топилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 февраль куни Ашхободда Туркманистон парламентининг юқори палатасининг навбатдан ташқари йиғилишида қатнашган Президент Гурбангули Бердимуҳамедов эндиликда Халқ маслаҳати раиси сифатида сиёсий тажрибасини мамлакат тараққиётига сарфлаш, ўз ўрнини ёш кадрларга топшириш ниятида эканини айтганди. 12 февраль куни мамлакатда навбатдан ташқари Президент сайлови ўтказилиши эълон қилинди. Сайлов 12 мартга белгиланди.

14 февраль куни Туркманистонда президентлик сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланди, унинг биринчи босқичи номзодларни кўрсатиш эди.

Мамлакатда учта партия бор: Демократик партия, Аграр партия ва Туркманистон саноатчилар ва тадбиркорлар партияси.

Туркманистон Конституциясига мувофиқ президентликка номзодлар 40 ёшга тўлган, шу мамлакатда туғилган ва унда сўнгги 15 йил давомида доимий яшаётган ва ишлаган фуқароси бўлиши керак. У етти йилга сайланади.

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сардор Бердимуҳамедов ҳам сайловда ўз номзодини кўрсатган.


Мақола муаллифи

Теглар

сайлов Туркманистон

Баҳолаганлар

238

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг