Туркманистон зилзиладан жабрланган Афғонистонга ёрдам кўрсатади
Олам
−
24 Июнь 2022
4402Туркманистон зилзиладан жабр кўрган Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатади. Бу ҳақда “Туркменистан сегодня” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 23 июнь куни Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов Афғонистоннинг Туркманистондаги Муваққат ишлар вакили Муҳаммад Фазел Сабер билан учрашган.
ТИВ раҳбари Туркманистон Афғонистоннинг Хост ва Пактика вилоятларида рўй берган зилзила ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилганини таъкидлаган, ушбу мамлакат халқига ҳамдардлик ва таъзия изҳор қилган.
“Ташқи ишлар вазири, шунингдек, Туркманистон яқин келажакда қардош Афғонистон аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 июнь куни Тошкент вақти билан 01:55 атрофида Афғонистонда зилзила содир бўлганди ва бу Ўзбекистоннинг тўртта вилоятида ҳам сезилганди.
Афғонистоннинг шарқий қисмида юз берган зилзила оқибатида аввалига 255 киши ҳалок бўлгани, камида 150 киши жароҳат олгани ҳақида маълум қилинди. Кейинчалик эса қурбонлар сони 1000 нафардан ортиб кетди, жароҳатланганлар эса 610 кишига етди.
Мамлакатни бошқараётган "Толибон" ҳаракати раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода Хост ва Пактика вилоятларида юз берган зилзила муносабати билан халқаро тузилмалардан ёрдам сўради.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги зилзилага муносабат билдириб, расмий Тошкент Афғонистонга табиий офат оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришга тайёрлигини эълон қилди.
Шунингдек, “Толибон” Пактика ва Хост вилоятларида зилзила қурбонларига ёрдам бериш учун 1 миллиард афғони (тахминан 11 миллион доллар) ажратишини маълум қилди.
LiveБарчаси