Афғонистодаги зилзила қурбонлари сони 920 нафарга етди
Олам
−
22 Июнь 2022
8406Афғонистондаги зилзила қурбонлари сони 920 кишига, жароҳатланганлар эса 610 кишига етди. Бу ҳақда мамлакат расмийларига таяниб, маҳаллий “Tolo News” телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, Афғонистонни назорат қилаётган “Толибон” ҳаракати Вазирлар Маҳкамаси зилзила муносабати билан фавқулодда йиғилиш ўтказган.
“Президент саройида Бош вазир мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд раислигида Пактика ва Хостдаги зилзила қурбонларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича фавқулодда йиғилиш бўлиб ўтди.
Ҳукумат зилзила қурбонларига ҳамдардлик билдиришдан ташқари, тегишли идораларга ҳудудга тезкор гуруҳларни жўнатиш бўйича кўрсатма берди. Шунингдек, ҳалок бўлганларнинг яқинларига моддий ёрдам кўрсатиш ва ярадорларни даволаш чоралари кўрилди”, дейди ҳаракат матбуот котиби Забиулла Мужоҳид.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси жабрланганларга озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва бошқа зарур маҳсулотларни етказиб бериш ҳамда ярадорларни ташиш учун барча мавжуд ҳаво, ер транспортидан фойдаланишни буюрган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 22 июнь куни Тошкент вақти билан 01:55 атрофида Афғонистонда зилзила содир бўлганди ва бу Ўзбекистоннинг тўртта вилоятида ҳам сезилганди.
Зилзила Афғонистоннинг шарқий қисмида жойлашган Пактика ва Хост вилоятларида юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 255 киши ҳалок бўлган, камида 150 киши жароҳат олган.
LiveБарчаси