“Толибон” халқаро тузилмалардан ёрдам сўради

Олам 7577
image

Афғонистонни назорат қилаётган “Толибон” ҳаракати раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода Хост ва Пактика вилоятларида юз берган зилзила муносабати билан халқаро тузилмалардан ёрдам сўради. Бу ҳақда “Al Jazeera” нашри хабар берган. 

Қайд этилишича, зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1 000 нафардан ошиб кетган, жароҳатланганлар сони ўзгармаган (610 кишини ташкил қилмоқда). 

“Биз халқаро ҳамжамиятни, хайрия ва гуманитар ташкилотларни ушбу фожиа муносабати билан Афғонистон халқига ёрдам беришга ва мотам тутганларга имкон қадар ёрдам беришга чақирамиз”, дейди “Толибон” сўзловчиси Билол Карими.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 22 июнь куни Тошкент вақти билан 01:55 атрофида Афғонистонда зилзила содир бўлганди ва бу Ўзбекистоннинг тўртта вилоятида ҳам сезилганди. 

Зилзила Афғонистоннинг шарқий қисмида жойлашган Пактика ва Хост вилоятларида юз берган. Бунинг оқибатида аввалига 255 киши ҳалок бўлгани, камида 150 киши жароҳат олгани ҳақида маълум қилинди, кейинчалик эса қурбонлар сони 920 кишига, жароҳатланганлар эса 610 кишига етди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 270
Рейтинг: 3
t
×