Туркиянинг қоронғи тарихига шоҳид орол. Мирзиёев бу ерга нега борди?
Таҳлил
−
12 Ноябрь 2021
21221Ясси орол. Истанбул марказидан 15 километр узоқликда, Мармара денгизининг ўртасида жойлашган орол Туркиянинг демократик тарихидаги қора кунларни ёдга солади. Бугун, 12 ноябрь куни ушбу оролда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 8-саммити бўлиб ўтмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам айни вақтда ушбу оролда бўлиб турибди.
Оролда бундан 60 йил муқаддам Туркия Президенти Жалол Баяр, Бош вазир Аднан Мендерес, Ташқи ишлар вазири Фатин Рушту Зўрлу, Молия вазири Ҳасан Пўлаткан судланган эди. Улар 1960 йилда амалга оширилган давлатга қарши ҳарбий тўнтаришнинг қаҳрамонлари сифатида тарихда қолди.
Туркия тарихига назар ташласак, кўплаб ҳарбий тўнтаришлар амалга оширилганига гувоҳ бўламиз. Улардан биринчиси 1960 йилнинг 27 май куни рўй берди. Туркияда генерал Камол Гурсел бошчилигидаги ҳарбий тўнтариш натижасида ҳукумат раҳбари Аднан Мендерес ҳокимиятдан ағдарилади ва ҳибсга олинди.
Али Аднан Эртекин Мендерес 1899 йил Туркия ғарбидаги Айдин шаҳрида туғилган. У 1931 йилда илк бор Айдин вилоятидан Жумҳурият халқ партияси номзоди сифатида Миллат Мажлиси депутатлигига сайланди. 1935, 1939, 1943 йилларда ўтказилган сайловларда ҳам депутатлик лавозимини сақлаб қолди.
Мендерес Жумҳурият Халқ партиясида фаолият юритаётган йиллардаёқ демократия талабини қўйгани учун 1945 йилга келиб партиядан чиқариб юборилади. Шу йилнинг ўзида ЖХПдан қувилган бошқа фаоллар – Жалол Баяр, Меҳмет Фуад Кўпрулу ва Рафик Кўралтан билан бирга Демократия партиясига асос солади. Бу – Туркия тарихида яккапартиявийликнинг тугаши эди.
1950 йилда ўтказилган сайловда Демократик партия катта фарқ билан ЖХП устидан ғалаба қозонди. Сайлов натижаларига кўра, партия раиси Жалол Баяр Президент лавозимини эгаллади. Аднан Мендерес Ҳукумат раислигига тайинланди ва ушбу лавозимда 10 йил, то ҳарбий тўнтаришгача фаолият юритди.
Аднан Мендерес Туркия тарихида ўлим жазосига ҳукм этилган биринчи ва охирги Бош вазир саналади. У билан ўша вақтларда Молия вазири Ҳасан Пўлаткан ва Ташқи ишлар вазири Фатин Рушту Зўрлу ҳам қатл этилган.
Демократлар, хусусан Бош вазир Аднан Мендерес тарафдорлари 1960 йилнинг 27 май куни содир этилган ҳарбий тўнтаришдан сўнг Анқарадан Истанбул яқинидаги Мармара денгизи ўртасида жойлашган Ясси оролга олиб келинган. Маҳбусларни жойлаштириш учун аввалдан барча шароитлар кўрилиб, махсус қамоқхона ташкил этилган, спорт маркази суд залига айлантирилган.
Ўша вақтларда Туркияда сиёсий вазият буткул изидан чиқди. Одамлар масжидларга арабча азонни қайтарган, демократияни қўллаб-қувватлаган, том маънода эркинлик берган Ҳукумат ва унинг бошқарувчиси Аднан Мендересни яхши кўрарди. Тўнтариш муаллифлари вазият қалтис тус олиб, унинг ортидаги мақсадлар юзага чиқишидан қаттиқ қўрқарди. Шу боис Ясси оролда алоҳида фильм суратга олинди. Унда Президент Жалол Баяр, Бош вазир Аднан Мендерес ва бошқалар башанг либосларда намоён бўлади. Улар шоҳона дастурхон атрофида, шифокорлар кўриги ва қўриқчиларнинг ғамхўрлиги остида яшаётгани тасвирлари бутун мамлакат бўйлаб тарқатилди. Суратлар газеталарда чоп этилди. Асл вазият эса кўрсатилганининг тамомила акси эди.
1960 йил 27 май. Тонгги соат 04:00 да Туркия Қуролли кучлари штаб-полковниги Алпарслан Туркеш радио орқали чиқиш қилиб, Туркияда мавжуд ҳокимият бошқаруви ҳарбийлар қўлига ўтганини эълон қилди ва халқдан вазият ўнгланмагунча уйдан ташқарига чиқмасликни сўради.
Ясси оролга олиб кетилган Аднан Мендерес Туркия жиноий қонунининг деярли барча моддалари билан айбланди. Айбловлар куракда туриб бўлмайдиган туҳмат ва бўҳтонлардан иборатлигини нафақат оддий одамлар, балки судьяларнинг ўзи ҳам яхши билар эди.
Суд қарорига биноан Президент Жалол Баяр бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилди. Бош вазир Аднан Мендерес, Молия вазири Ҳасан Пўлаткан ва Ташқи ишлар вазири Фатин Рушту Зўрлуга эса ўлим жазоси тайинланди. Суд ҳукми эълон қилинган сўнгги мажлисда Аднан Мендерес бетоблиги боис қатнаша олмади. Судьялар бундан унумли фойдаланди, унга сўнгги сўз ҳаққини бермаслик илинжида ўлим жазосига ҳукм қилдилар. Аднан Мендереснинг аҳволи бироз яхшиланиб, у ўзига келганда, Ҳасан Пўлаткан ва Фатин Рушту Зўрлу аллақачон осилган эди. Аднан Мендерес эса 1961 йилнинг 17 сентябрь куни Имрали оролига олиб кетилди ва соат 13:21 да қатл этилди. Бу нафақат Мендереснинг, балки демократиянинг қатли эди.
Ясси оролдаги қонли ва қоронғу тарих унутилгани йўқ. Аксинча, демократия қилинган ҳар зарба унинг қадри ва қийматини оширмоқда. Халқ ўша кунлар хотираларини юрагида, хотирасида ташимоқда. У кунларни кўрганлар ҳамон тирик.
Демократия ва мустақиллик ороли
2019 йилда Ясси орол Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ташаббуси билан қайта жонланди. Уни Туркиянинг демократия марказига айлантириш ишлари бошланди. Ҳудуд қайта тикланиб, 1960 йил воқеаларини ўзида жамлаган Демократия ва мустақиллик ороли барпо этилди. Суд ўтказилган спорт залига Ҳасан Пўлаткан номи берилди, Фатин Рушту Зўрлу номидаги масжид қад ростлади. Андан Мендерес номидаги қутубхона, музей, симпозиумлар саройи иш бошлади.
Ўша вақтда оролга 592 киши олиб келинган. Улар ўзи билан олиб келган жамадонлар эса бугун оролга кираверишга жойлаштирилган. Суд мажлиси ўтказилган спорт залига Ҳасан Пўлаткан номи берилиб, зал айнан ўша даврдагидек суд мажлисини эслатадиган шаклда жиҳозланган. Президент, Бош вазир ва бошқаларнинг мумдан ясалган ҳайкаллари ўрнатилган.
Оролдаги қамоқхона биносида Бош вазир Аднан Мендерес қандай сақланганига ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Бош вазир билан ўтган тергов жараёнлари овозлари ушбу хонага кирганингиз заҳоти қулоғингизга чалинади.
Дарахтларга бурканган йўлакдан ўтиб борар экансиз, худди учишга ошиқаётган кабутарлардек кўкка интилаётган қоғозларга кўзингиз тушади. Бу манзилига етиб бормаган мактублар. Бош вазир Аднан Мендерес қамоқдалиги чоғида рафиқаси Берин Мендересга юзлаб мактублар ёзган, аммо бу хатлар Берин хонимга етиб бормаган.
Оролнинг энг баланд нуқтасида маёқ бор. Бу маёқ 24 давомида ёниқ туради. У куну тун демократия ва мустақиллик нурини улашади.
Тўлиқ видеофильмни QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида ёки қуйидаги видеоплеерда томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси