Туркияга отланаётган ўзбекистонликлар диққатига: Истанбул аэропортида метро ишга тушяпти
Олам
−
04 Октябрь 2022
6652Йўловчи ташиш бўйича Европадаги етакчи ҳаво маркази бўлган Истанбул янги аэропортида метро ноябрь ойи охиригача очилиши режалаштирилган. Бу ҳақда кеча, 3 октябрь куни Туркия Транспорт ва инфратузилма вазири Одил Караисмоилўғли “CNN Turk” телеканали эфирида маълум қилди.
“Истанбул аэропортида бир-икки ой ичида метро очилади. Марказий Тақсим майдонидан унга қадар бўлган йўл тахминан 30 дақиқа давом этади”, дейди вазир.
Унинг сўзларига кўра, Истанбулнинг янги аэропорти ҳозирда ҳаво қатнови бўйича Европада биринчи, дунёда эса бешинчи ўринда туради. Авиация марказининг қурилиши хусусий манбалар ҳисобидан амалга оширилган, Туркиянинг бугунги кунга қадар унинг ишидан тушган даромади қарийб 23 миллион еврони ташкил қилган. Вазирнинг қўшимча қилишича, ҳозирда аэропорт йилига 120 миллион йўловчига хизмат кўрсатишга қодир.
Янги Истанбул аэропорти 2019 йилда “Отатурк” аэропорти ёпилгандан сўнг ишлай бошлади, бу бир вақтлар Европадаги энг гавжум учта ҳаво бандаргоҳидан бири бўлган. Режаларга кўра, 2025 йилгача қурилиш тўлиқ якунлангач, янги аэропорт олтита учиш-қўниш йўлагига ва ҳар йили 150 миллионга яқин йўловчини ташиш имкониятига эга бўлади.
Истанбул аэропорти қаерда жойлашган?
Истанбул халқаро аэропорти шаҳарнинг Европа қисми томонидан 35 километр шимолда жойлашган.
Янги аэропорт узоқми?
Истанбул халқаро аэропорти “Отатурк” номидаги халқаро аэропортга нисбатан узоқ манзилда жойлашган. Янги аэропорт айниқса, ўзбекистонликлар учун жуда узоқ. Боиси, Истанбулга саёҳат, даволаниш, тижорат мақсадида борадиган кўпчилик ўзбеклар шаҳарнинг Оқсарой, Лалели ва Тақсим майдонлари атрофига жойлашадилар. Аэропорт ва бу магзилгоҳлар орасидаги масофа эса анчагина.
Масалан:
Аэропорт – Тақсим майдони. Енгил автомобилда:
энг кам масофа – 39,5 км;
ўртача масофа – 51,6 км;
энг узоқ масофа – 56,1 кмни ташкил этади.
Аэропорт – Оқсарой маҳалласи. Енгил автомобилда:
энг кам масофа – 41,7 км (56 дақиқа);
ўртача масофа – 45,7 км (52 дақиқа);;
энг узоқ масофа – 56,7 км (49 дақиқа)ни ташкил этади.
Аэропорт – Лалели Истанбул университети. Енгил автомобилда:
энг кам масофа – 42,3 км (50 дақиқа);
ўртача масофа – 45,4 км (50 дақиқа);;
энг узоқ масофа – 48,1 км (58 дақиқа)ни ташкил этади.
Қайси йўлдан бориш такси ҳайдовчисининг инсофига ва йўлларнинг қанчалик тирбандлигига боғлиқ.