Истанбул аэропорти суткалик рейслар сони бўйича мутлақ рекорд ўрнатди

Олам

image

Жорий йилнинг 16 август куни Туркиянинг Истанбул шаҳри аэропорти 1739 та рейсга ва 290 минг 287 нафар йўловчига хизмат кўрсатиб, Туркия ва Европада суткалик рейслар ҳамда йўловчилар сони бўйича мутлақ рекорд ўрнатди. Бу ҳақда Туркия транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Уралўғли маълум қилди.

Баёнотда Уралўғли 16 август куни Истанбул аэропортидаги суткалик йўловчи оқими ва рейслар сонига оид маълумотларни келтириб ўтган ва аэропорт янги рекорд ўрнатганини таъкидлаган.

“Истанбул аэропорти 16 август куни 1739 та рейсга ва 290 минг 287 нафар йўловчига хизмат кўрсатиб, бутун Туркия ва Европа тарихидаги суткалик рейслар ҳамда йўловчилар сони бўйича энг юқори кўрсаткичга эришди”, дейди у.

Уралўғли Истанбул аэропортининг халқаро авиациядаги стратегик аҳамияти ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаган. 

“Ўзининг ўтказувчанлик қобилияти, мустаҳкам инфратузилмаси ва юқори хизмат кўрсатиш сифати туфайли Истанбул аэропорти дунёнинг етакчи аэропортлари қаторидан жой олди. Янги рекордлар у глобал транзит хаби сифатида ўз позициясини мустаҳкамлашда давом этаётганини яна бир бор кўрсатди”, дейди вазир.

Маълумот учун, Истанбул аэропорти – Туркиянинг энг йирик ва замонавий ҳаво бандаргоҳи бўлиб, дунёдаги энг гавжум халқаро авиация марказларидан бири ҳисобланади. 2018 йилнинг октябрь ойида тантанали равишда фойдаланишга топширилган ва 2019 йилнинг апрелида собиқ Отатурк аэропортининг барча тижорий рейсларини тўлиқ ўз зиммасига олган ушбу аэропорт Истанбулнинг Европа қисмидаги Арнавуткўй туманида, шаҳар марказидан тахминан 35-40 километр шимоли-ғарбда жойлашган бўлиб, iGA компанияси томонидан бошқарилади. 

Битта том остида жойлашган дунёдаги энг катта терминал биносига эга бўлган бу иншоот миллий авиакомпания Turkish Airlines’нинг бош қароргоҳи ва асосий транзит хаби вазифасини ўтайди. Аэропортдан дунёнинг 300 дан ортиқ йўналишларига тўғридан тўғри рейслар амалга оширилади ва у йилига 80 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиб, Европа аэропортлари орасида рейслар сони бўйича мунтазам равишда биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. 

Меъморий жиҳатдан Туркиянинг миллий рамзи бўлган лола шаклида лойиҳалаштирилган ва халқаро мукофотларга сазовор бўлган диспетчерлик минораси билан ажралиб турадиган аэропорт ҳудудида 50 минг квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллаган Duty Free савдо зонаси, турли бренд дўконлари, кафе-ресторнлар, YOTEL меҳмонхонаси ва соатбай ижарага бериладиган махсус ухлаш капсулалари мавжуд. Шаҳар маркази билан алоқа M11 метро тармоғи, Havaist экспресс-автобуслари ҳамда такси ва трансфер хизматлари орқали таъминланади. Барча қурилиш босқичлари, жумладан 6 та учиш-қўниш йўлаги тўлиқ ишга туширилгач, аэропортнинг йиллик йўловчи ўтказиш қуввати 200 миллион кишига етказилиши режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг