Туркиядаги зилзила ҳудудидан неча ўзбекистонлик қидирилаётгани айтилди
Жамият
−
07 Февраль 2023
22582Туркиядаги зилзила фожиаси фонида 13 нафар ўзбекистонликни қидириш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда Истанбулдаги Бош консуллик хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 7 февраль куни Тошкент вақти билан соат 19:00 даги маълумотларга кўра Туркиядаги табиий офат оқибатида 1 нафар Ўзбекистон фуқароси вафот этган. 15 нафар ўзбекистонлик қидирилаётган эди, булардан 2 нафари билан алоқа ўрнатилиб, 13 нафарини қидирув ишлари давом этмоқда.
Шунингдек, 17 нафар ўзбекистонликларни (булардан 13 таси спортчилар) зилзила содир бўлган ҳудуддан Истанбулга келишларига ёрдам кўрсатилган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида сафарбар этилган Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари Ҳатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлади. Бу ҳудудда асосан 10 мингдан ортиқ этник ўзбеклар истиқомат қилади.
Эпимаркази Туркия жануби-шарқидаги Қаҳрамонмараш вилоятида содир бўлган икки кучли зилзила (7,7 ва 7,6 магнитудали) 6 февраль куни Туркиянинг ўн вилоятида кенг кўламли вайронагарчиликларга олиб келди. Ҳатай вилоятида ҳам жиддий зарар қайд этилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда 3549 киши ер силкиниши қурбони бўлган, 22 168 киши жароҳатланган. Вайроналар остидан 8 мингдан ортиқ одам қутқариб олинди.
Вайронкор зилзила қўшни мамлакатларда, жумладан Сурия, Ливан, Шимолий Кипр Турк Республикаси, Греция Кипр ва Ироқда ҳам сезилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Суриянинг Идлиб, Ҳалаб, Хама, Латакия ва Раққа вилоятларида 1,6 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.