Туркиядаги меҳмонхона фожиасида машҳур телебошловчи оиласи билан ҳалок бўлди

Олам

image

Туркиянинг Болу шаҳридаги Карталкая тоғ-чанғи курортидаги “Grand Kartal” меҳмонхонасида содир бўлган ёнғинда туркиялик телебошловчи Недим Туркман ҳалок бўлди. Бу ҳақда Bloomberg HT хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, журналист оиласи билан таътилда бўлган. Унинг рафиқаси Ойша Нева ва икки фарзанди –18 ёшли қизи Ала Дора ва 22 ёшли ўғли Юже Ата ҳам ёнғинда ҳалок бўлган. Фақат учинчи қизи Пелин Туркман тирик қолди. У отасининг жанозасида иштирок этди.

Туркман ўзининг иқтисодий шарҳлари ва спорт таҳлиллари билан машҳур эди. Туркман 1966 йил 1 майда Орду шаҳрида туғилган, Анқара университетининг сиёсатшунослик ва давлат бошқаруви факультетини тамомлаган. 2019 йилдан бошлаб у мунтазам равишда Bloomberg HT телеканалидаги дастурларда таҳлилчи ва шарҳловчи сифатида иштирок этиб келган.

Болудаги тоғ-чанғи курортидаги Карталкая меҳмонхонасида жорий йил 21 январга ўтар кечаси даҳшатли ёнғин содир бўлди. Ҳаммаси бўлиб 78 киши ҳалок бўлди, яна 51 киши яраланди.

Ҳалок бўлганлар орасида болали оилалар ҳам кўп. Жумладан, бир оиланинг 14 аъзоси ёнғин қурбони бўлди: Turkish Airlines ходими Зеҳра Сена Гултекин, унинг турмуш ўртоғи Билол Гултекин, уч фарзанди – Муҳаммад Салим, Юсуф Синанеттин ва Бакир Содıқ Гултекин ҳамда яна тўққиз нафар қариндоши.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва унинг рафиқаси Эмина Эрдўған Болуда юз берган ёнғин оқибатида оила аъзоларини йўқотган Гултекин оиласига ҳамдардлик билдириш учун ушбу вилоятга ташриф буюрганди. Эрдўған ҳамдардлик изҳоридан кейин дафн маросимида иштирок этди ва кўз ёшларини тия олмади.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия меҳмонхона Болу Карталкая Недим Туркман Ойша Нева Ала Дора Юже Ата

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг