Туркияда юзлаб йўловчиси бўлган сайёҳлик кемаси ёниб кетди (видео)
Олам
−
17:27 1330 1 дақиқа
Бугун, 13 август куни Туркиянинг Муғла вилояти Фетҳие тумани яқинида сайёҳлик кемасида ёнғин содир бўлди. Оқибатда бортдаги 115 нафар киши эвакуация қилинди. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.
Маълум қилинишича, ёнғин денгиз саёҳати учун йўлга чиққан кемада ҳозирча номаълум сабабга кўра бошланган. Аланга қисқа вақт ичида бутун кемани қамраб олган. Ваҳимага тушган йўловчилар, жумладан, болалар ҳам қутқарув жилетларини кийган ҳолда ўзларини денгизга ташлашга мажбур бўлган.
Ҳодиса ҳақида хабар тушгач, воқеа жойига Туркия Соҳил қўриқлаш хизмати, тиббий бригадалар ва бошқа қутқарув гуруҳлари юборилган. Шунингдек, яқин атрофда бўлган қайиқлар ҳам қутқарув ишларида иштирок этган. Натижада кемадаги 115 кишининг барчаси хавфсиз тарзда қутқариб олинган.
Ёнғин кемага жиддий зарар етказган ва у қисман чўка бошлаган. Қутқарилган йўловчилар қирғоққа олиб чиқилиб, шифокорлар томонидан кўрикдан ўтказилган.
Фетҳие тумани ҳокими Фотиҳ Аккая ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқлигини маълум қилган. Унинг айтишича, барча йўловчилар Соҳил қўриқлаш кемалари ҳамда атрофдаги бошқа қайиқлар ёрдамида эвакуация қилинган. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Мармарис шаҳри яқинида 110 нафар йўловчи бўлган сайёҳлик кемаси чўкиб кетганди.
Live
Барчаси