Туркияда яна меҳмонхона ёнди (видео)

Олам

image

Туркиянинг Анталья вилоятидаги Алания шаҳрида қурилиш бўлаётган меҳмонхона биносида ёнғин чиқди. Аланга бошланганидан икки соат ўтиб тўлиқ ўчирилган. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.

Ҳудуд губернатори Фотиҳ Уркмезернинг билдиришича, ҳодиса жойида бўлган барча ишчилар хавфсиз тарзда қутқарилган. Ёнғин 12 қаватли, икки блокдан иборат бинода юзага келган. Бунгача мазкур бино меҳмонхона ва резиденция сифатида ишлатилган, аммо айни вақтда реконструкция қилинаётган бўлган.

“Ҳалок бўлганлар йўқ, 4 киши қутқарилди. Уч киши тутун сабабли зарар кўрган. Уларнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда. Атрофдаги биноларга хавф туғилмади. У ердаги одамларни эвакуация қилишга зарурат бўлмади”, деди губернатор.

Маълум бўлишича, биринчи бўлиб маҳаллий аҳоли ёрдамга келиб, ёнғинни ўчиришга уринган. Воқеа жойига ёнғин ўчириш бўлинмалари тезкорлик билан етиб борган ва икки соат ичида ёнғинни қуршаб олиб, тўлиқ ўчирган. Юқори қаватларда қолган одамларни қутқариш учун кўтарма кран ишлатилган. Ёнғин сабаблари аниқланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 21 январга ўтар кечаси Болу вилоятидаги Карталкая тоғ-чанғи курортидаги меҳмонхонада кучли ёнғин содир бўлганди. Бино тоғда жойлашгани ўт ўчирувчиларнинг ишини қийинлаштирган. Таъкидланишича, у ерда сигнал ишламаган, шунинг учун меҳмонлар ёнғин ҳақида охиригача билмаган, кейин эса ташқарига чиқа олмай қолган. Сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 79 кишига етган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия меҳмонхона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг