Туркияда яна бир туманнинг мухолиф мэри қўлга олинди
Олам
−
16:01 1511 1 дақиқа
Бугун, 29 июль куни Туркияда Истанбулнинг мухолифат бошқараётган тумани ҳокими ва яна беш киши қурилиш ҳамда фойдаланишга рухсатномалар беришдаги қонунбузарликлар бўйича ўтказилаётган тергов доирасида қўлга олинди. Бу ҳақда мамлакатнинг NTV телеканали хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳибсга олинганлар орасида Ускудар тумани ҳокими Синем Дедетош, туман ҳокими ўринбосари, котиб, архитектор, тадбиркор ва пудратчи бор. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари Истанбулдаги 11 та манзилда бир вақтнинг ўзида тинтув ўтказиб, гумонланувчиларга тегишли рақамли материалларни мусодара қилган.
Тергов маълумотларига кўра, муниципалитет қурилишга рухсат бериш жараёнини шундай тизим асосида мувофиқлаштирганки, унда пудратчилар рухсатнома олиш учун аввал маслаҳат хизматлари бўйича шартнома имзолашга мажбур бўлган.
Бу ҳодиса 2024 йилдан буён Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга мухолифатдаги асосий партия бошқараётган муниципалитетларга қарши олиб борилаётган кенг кўламли ҳуқуқий чораларнинг навбатдаги босқичи сифатида баҳоланмоқда.
Мухолифат барча айбловларни рад этиб, терговлар сиёсий сабабларга кўра амалга оширилаётганини билдирган. Туркия ҳукумати эса мамлакат суд тизими мустақил фаолият юритишини билдириб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия прокуратураси Анқарадаги мухолифат назоратидаги Чанкая тумани ҳокими ҳамда яна 35 нафар шахсни пора олиш ва давлат тендерларида қоидабузарлик қилиш гумони билан қўлга олишга ордер берганди.
Live
Барчаси