Туркияда тўп тепадиган исроиллик футболчига нисбатан тергов бошланди
Спорт
−
15 Январь
4058“Истанбул Башакшехир” футбол клуби жамоасининг исроиллик ярим ҳимоячиси Эден Карцевга Исроил-Фаластин можароси бошланганига 100 кун тўлиши муносабати билан ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида постлар эълон қилгани учун тергов бошланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, футболчи ўз Instagram'ига Австралия сионистик федерациясининг постини жойлаган. Постда сариқ ленталар тасвири ва “Уларни ҳозир уйга олиб келинг” хештегини кўриш мумкин.
“Клубимиз ижтимоий тармоқдаги шахсий аккаунтига мамлакатимиз миллий қадриятларига зид бўлган постларни жойлаб, клуб интизомий қоидаларини бузган Эден Карцевга нисбатан интизомий иш очди”, дейилади манба хабарида.
Маълумот учун, Карцев 23 ёшда ва 2023 йилдан буён Истанбул жамоасида ўйнамоқда. Футболчи Исроил терма жамоаси сафида 5 та ўйин ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Анталияспор” футбол клубининг исроиллик ярим ҳимоячиси Сагив Ехезкелнинг оммавий адоват ва нафрат уйғотишда айбланиб, ҳибсга олингани хабар қилинганди.
28 ёшли футболчи Исроил томонидан Ғазо секторида амалга оширилган қирғинни қўллаб-қувватлашдаги масъулиятсиз ҳаракатлари туфайли қўлга олинган.