Туркияда цунами хавфига тайёргарлик бошланди
Олам
−
11 Февраль
6808Туркиянинг Бодрум ҳудудида Эгей денгизида давом этаётган зилзилалар фонида эҳтимолий цунами ҳақида огоҳлантириш учун сирена тизими ўрнатилди. Бу ҳақда Туркия Фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар бошқармаси (AFAD) маълумотларига таяниб, NTV Haber хабар берди.
Қайд этилишича, минтақага турли вилоятлардан AFAD гуруҳлари етиб келган. Одамларни огоҳлантириш тизими Сефирихисар, Дидим ва Датча қирғоқ ҳудудларида ҳам ўрнатилган.
Эгей денгизида январь ойи охиридан бери зилзилалар давом этмоқда. Тебраниш айниқса, Грециянинг Санторини (Тира) оролида сезилмоқда. “The New York Times” маълумотига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида оролда яшовчи 15 минг кишидан 13 минги уни тарк этган.
AFAD маълумотларига кўра, Туркия қирғоқларига энг яқин зилзила 140 км узоқликда қайд этилган. Зилзила Колумбо сувости вулқони ҳудудида содир бўлган. Агентлик вакиллари Эгей денгизидаги сейсмик фаоллик оқибатлари Туркияга етиб бориши ва цунами келтириб чиқариши мумкинлигини, айниқса Колумбо вулқонининг отилиши хавфи борлигини таъкидламоқда.
Қайд этиш жоиз, икки йил олдин – 2023 йил 6 февралда Туркия жануби-шарқида магнитудаси 7,7 ва 7,6 бўлган иккита кучли зилзила содир бўлган эди. Ушбу табиий офат оқибатида 53,5 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, яна 107 мингдан ортиғи жароҳат олди. Бу зилзила 1939 йилда Арзинжондаги фалокатдан кейинги энг йирик ер силкиниши сифатида қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг етакчи сейсмологи Нажи Гўрюр Мармар денгизи ҳудудида бўлиши мумкин бўлган зилзила оқибатида Истанбулдаги қарийб 4 миллион кишининг ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Сейсмологларнинг баҳолашича, магнитудаси 7 ёки ундан юқори бўлган зилзилада тахминан 90 минг бино вайрон бўлади, 260 минг бино шикастланиб, яшаш учун яроқсиз ҳолга келади. 4,5 миллион одам вақтинчалик бошпанага муҳтож бўлади.
LiveБарчаси