Аср фожиаси

Таҳлил

2023 йилнинг 6 февраль куни эрталаб соат 04:17 да Туркия аҳолиси дахшатли силкинишдан уйғонди. 

Эпимаркази Қаҳрамонмарашда бўлган 7.7 балли зилзила бутун республиканинг 11 вилоятида сезилди. Шу куни соат 13:24 ларда иккинчи 7.6 магнитудали зилзила кузатилди

500 километрдан узоққа чўзилган зилзила зонасида 50 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди, 110 мингдан ортиқ одам жароҳатланди. Уларнинг орасида болалар, аёллар, эркаклар, қариялар бор. Ҳозир келтираётган статистикамиз оддий сонлар каби туюлиши мумкин, аммо гап бутун бир оилаларнинг ҳаётини ҳақида кетмоқда. Шунинг учун ҳам бу зилзила “Аср фалокати” деб аталди. 

Табиий офат бўлганига 1 йилдан ошган бўлсада, унинг дахшати ҳали ҳам ҳеч кимнинг эсидан чиққани йўқ. QALAMPIR.UZ Туркия Президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси билан зилзиладан зарар кўрган ҳудудларда бўлди. 

Сафар давомидаги биринчи манзилимиз зилзила эпимаркази жойлашган Қаҳрамонмараш вилояти эди. 

Вилоят маркази томон йўл олар эканмиз, шаҳарда жиддий шикастланган биноларни ҳам, янги қурилган уйларни ҳам кўрдик. Шикастланган биноларни кўриб, ўша машум кунда унинг ичидаги аҳоли қандай даҳшатга тушганини тасавур қилиш мумкин. Янги қад ростлаган уйлар эса бир йил давомида қилинган оғир меҳнатнинг исботидир. 

Вилоят ҳокимлигида бизга Қаҳрамонмарашда бир йил давомида қилинган ишлар бўйича атрофлича маълумот берилди. 

“Туркманистондан 10 нафар қутқарувчидан иборат жамоа, 20 минг килограм дори-дармон, 10 минг килограм тиббий маҳсулотлар, 165 минг доллар ҳайрия ва 9 тонна гуманитар ёрдам, Қирғизистондан 182 кишидан иборат қутқарувчилар жамоси  627 та чодир, 6 тонна гуманитар ёрдам  ва 2 448 000 доллар ёрдам, Қозоқистондан 98 нафар қутқарувчи, 645 та чодир, 150 та портатив ҳожатхона, 316 тонна гуманитар ёрдам,  Ўзбекистондан 100 нафар қутқарувчи, 71 нафар тиббиёт ходимлари, 293 та чодир, 576 тонна гуманитар ёрдам юборилди.

Биз шундай ёрдамларни қабул қилдик. Бу бизга жуда зарур эди. Бунинг учун мен шахсан миннатдорчилик билдирмоқчиман”, дейди Туркия Ички ишлар вазирлиги қошида фаолият юритувчи ҳукуматнинг табиий офатларни бошқариш агентлиги (AFAD)нинг Қаҳрамонмараш вилояти бўлими раҳбари Тайфун Темур. 

Табиийки, журналистларни зилзиладон омон қолган аҳолининг ҳозирги ҳаёти қизиқтирарди. Уйидан айрилган фуқаролар ҳозирда контейнерлардан барпо этилган шаҳарчаларда яшамоқда. Бу ер гарчи уларнинг олдинги уйидек бўлмасада, одамларга иложи борича шароит яратилган. Хусусан контейнерларда болалар учун мактаб ва кутубхоналар ташкил этилган, ўйин майдончалари қурилган.

“Давлат томонидан контейнерлар берилди. Энди уй ҳам беришади”, дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири. 

Шу йилнинг 6 февраль куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Қаҳрамонмарашда бўлиб, контейнерларда яшаёт аҳолига (Оммавий уй-жой қуриш бошқармаси) TOKI қуриб берган янги уйларнинг калитини топширган. Маълум қилинишича, барча хонадонлар қура ташлаш йўли билан берилмоқда.  QALAMPIR.UZ нега уйлар бу йўл билан берилаётганига қизиқди.  

“Аҳолида квартира танловида турли норозиликлар бўлмаслиги учун, яъни нега менинг уйим катта йўлдан узоқда, нега менинг хонадоним шимолга қараган, жануб эмас каби тушунмовчиликлардан қочиш мақсадида шундай қилинди” дейди TOKI харита муҳандиси Туфан Гумуш. 

Эътиборимизни тортган жиҳатлардан бири, янги уйларнинг тоғли ҳудудда қурилгани бўлди. Бизга маълум қилишларича, тоғли ҳудудда тупроқ зич бўлгани боис уйларнинг зилзиладан зарар кўриш даражаси пасаяди. Шунинг учун ҳам янги уйларни барпо этиш учун айнан тоғли ҳудудлар танланган.

Кейинги манзилимиз Адияман вилояти. 

Адияман вилоятида янги қурилган кўп қаватли уйлар ва контейнер шаҳарчалардан ташқари, қишлоқ коттежлари шаклида қурилган маҳаллани ҳам кўрдик. Бу уйларда бир оила учун етарли шароитлар мавжуд. Бироқ аҳоли табиий газ билан таъминланмаган. Уйларга кўчиб ўтганлар суюлтилган газдан фойдаланиши керак бўлади. 

Кўп қавати уйларнинг ҳам бир қисми қуриб битказилган ва тез орада уларга янги эгалари кўчиб ўтади.

“Уйларни кўрдик. Ташқаридан кўп одамлар уйларни кичкина эканини айтяпти. Аслида ундай эмас. Бу жойлар биз учун Жаннатдек.  Ошхона дейсизми, ҳаммом ёки ҳожатхона – уйда ҳамма нарса бор. Биринчи навбатда, бошимизни ёстиққа қўйиб, хотиржам ухлай оладиган уйга эга бўламиз. Давлатимга раҳмат айтаман. Биз жуда ҳам мамнун бўлдик. 

Ҳозирги вақтда катта контейнерда оиламиз билан бирга яшаяпмиз.  Набираларни паркка олиб борамиз. Бу уйларда насиб қилса, яшаймиз. Жуда яхши, бундан ортиғи бўлмайди. Ҳукумат ўлароқ шунчалик ишлар қилишяпти. Бундан ортиғи бўлмайди”, дейди янги уйларни кўришга келган отахон.

Уйлар 20 йил муддатга фоизсиз кредит асосида берилади ва уй эгалари дастлабки икки йил давомида тўловдан озод қилинади. 

Охирги манзилимиз Малатья

Малатьяда расмийлари бизни ҳокимят биносида эмас, кутубхонада қабул қилишди. Бунинг сабаби эса бир йил олдинги зилзилада ҳокимят биносининг ҳам вайрон бўлгани эди. 

Малатья ҳоким Эрсин Язижининг айтишича бошқа вилоятлар каби зилзилада уйлари қулаган Малатья аҳолиси ва 16-17 минг сурияликлар контенер шаҳарчада яшамоқда. 

“Малатьянинг яраси ҳали янги. Жуда катта зарба олди. Ери нам бўлгани учун ҳам бу зарба кучли таъсир қилди. Бузилган ва бузиладиган бинолар ҳали жуда ҳам кўп. Ҳамма нарса кўрганингиздек эмас. Малатья халқига дастак бўлиб, шаҳримизни янгидан барпо этишларини истаймиз.

Бизга ёрдам беришяпти, аммо, бунданда кўпроқ яхшироқ бўлишини истаймиз. Ҳаммаси ўтади. Жуда кўп муаммоларимиз бор эди. Аллоҳга шукур, ҳозир анча яхши бўлди. Бошпанамиз, озиқ-овқатимиз, ҳамма нарсамиз бор. Турк миллати ҳар доим бир бутун, у йиқилмайди”, дейди маҳаллий аҳоли вакили.

Хулоса қилиб айтганда, 2023 йил Туркия учун оғир бошланди ва ўғир ўтди. Зилзила оқибатларини бартараф этиш эса бу йил ҳам давом этмоқда. Табиий офат кўпчиликни ёстиғини қуритди ва уйсиз қолдирди. Бироқ ҳаёт давом этмоқда. Нима бўлган тақдирда ҳам олдинга интилиш ва ривожланиш керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия зилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг