“Росатом” қураётган АЭС фундаментида икки марта ёриқлар аниқланди

Олам 2998
image

Туркия атом энергияси регулятори – Turkey’s Atomic Energy Authority (TAEK) “Росатом” томонидан қурилаётган “Оққую” атом электр станциясининг фундаменти бетонида икки марта ёриқларни аниқлади. Бу ҳақда “Haber Turk” нашри хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, TAEK биринчи марта ўтган йилнинг июль ойида фундамент бетонида ёриқларни аниқлаган. Кейин “Росатом” бетонни қайта тўлдирган, бироқ регулятор янги ёриқ топган. Шундан сўнг, Россия компанияси яна бир бор бетонни алмаштирган.

Шу воқеадан кейин, ўтган йилнинг сентябрь ойида “Оққую”да янги пудратчи ширкат иш бошлаган. Аммо ўшанда пудратчининг ўзгартирилиш сабаби фундаментдаги ёриқлар экани айтилмаган.

“Росатом” вакилининг таъкидлашича, ўтган йили фундаментдаги ёриқлар синов тарзида тўлдирилган бетон қуймаларида аниқланган. Шунингдек, хомашёни танлаш вақтид ёриқлар пайдо бўлиши иш жараёнининг бир қисми ҳисобланар экан.

“Росатом” вакили “Оққую” АЭСнинг биринчи энергоблоки иншоотининг фундаментига бетон тўлдириш ишлари жорий йилнинг 8 март куни якунланганини маълум қилган. Таъкидланишича, лойиҳа ишга туширилишидан аввал мустақил аудит уни ўрганиб, хулосаларини билдиради. Мустақил аудит сифатида ASSYSTEM француз компанияси танланган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда қуриладиган биринчи АЭС ҳам “Росатом” компанияси томонидан барпо этилади. Иккита энергоблокдан иборат АЭСнинг биринчи қисмини 2028 йилда ишга тушириш режалаштирилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 65
Рейтинг: 2.9
Будьте в курсе событий!
×
×