Туркияда карантин чоралари нега натижа бермади? Ҳукумат қаерда хато қилди? Акмал Бурхонов билан суҳбат
Интервью
−
22 Апрель 2020
9467Яқинда QALAMPIR.UZ’да коронавирус инфекцияси тарқалиши бўйича вазият Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар миқёсида таҳлил қилинган эди. Ушбу кенгашга аъзо мамлакатлар – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистонда 160 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Энг кўп аҳолига эга мамлакат эса Туркия. Айни вақтда эса Туркия касаллик тарқалиши, ўлим сони бўйича ҳам минтақада биринчи бўлиб турибди. Дунёда биринчиликни АҚШ эгаллаган бўлса, кейинги беш ўрин Европа мамлакатларига тегишли. Туркия эса Эрон ва Хитойдан ўзиб еттинчи ўринни банд этмоқда. Мамлакатда 95 591 киши ушбу хасталикка чалинган. Улардан 2259 нафари ёки 2,3 фоизи вафот этган, 14 918 киши ёки 15,6 фоизи соғайган.
Шу бугунгача мамлакатда ўрнатилган карантин чораларининг айримлари кутилган натижани бергани йўқ.
10 апрель куни соат 22:00 да Туркиянинг 31 вилоятида, жумладан Истанбул ва Анқара каби асосий шаҳарларда ҳам аҳолининг кўчага чиқиши тақиқланди ва икки кунлик комендантлик соати эълон қилиниши айтилди. Кутилмаган ушбу баёнотдан сўнг, ярим тун бўлишига қарамай, аҳоли ўзини кўчага урди. Бозорлар ва дўконларда одамлар ҳар қачонгидан тўлиб тошди. Нон дўконлари атрофида охири йўқ навбатлар пайдо бўлди. Автомобиллар ҳаракатланиши кескин ортиб кетди.
Ҳатто, баъзи жойларда одамлар ўртасида низо келиб чиқиб, бу ёқалашишгача етиб борди. Вазият бу кўринишда давом этгач, аҳолига сув ва нон етказиб бериш хизматлари ёпилмаслиги, улар фаолиятини давом эттиши айтилди. Лекин, кеч бўлганди. Одамлар рўзғор ғамида карантинни унутди, ниқобларни тақиш билан боғлиқ талабга ҳам, масофа сақлаш тўғрисидаги қоидага ҳам амал қилмади. Натижада эса карантин тартиблари, гигиена қоидалари бузилгани сабаб кейинги кунларда беморлар сони кескин ортиб кетди.
Маълумки, QALAMPIR.UZ куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати – “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов билан онлайн-мулоқот ўтказди. Интервьюда айнан Туркия масаласида, мамлакатдаги карантин борасида кузатилган бошбошдоқлик муҳокама қилинди.
“Туркияда ва Америкада, жумладан Европа давлатларида беморларнинг кўплиги, албатта, сайёҳлар сонига ҳам боғлиқ. Бу битта омил. Карантин қоидалари, ҳатто, комендант соати белгиланганига қарамай, кўпчилик бу қоидаларни инкор қилди. Бу давлат қанчалик ривожланган бўлмасин, карантинни шунчалик инкор қилаётганини кўришимиз мумкин. Афсуски! Бу вақтда инсон ҳуқуқлари, демократия ёки ҳозиргача ўрганган нарсаларимизни бир четга суришимиз кераклигини унутишди. Бу эса инсонларнинг нобуд бўлишига олиб келди. Буни ҳам алоҳида эътироф этиш керак. Айниқса, Туркияда шундай бўляпти”, дейди Акмал Бурхонов.
Туркияда бу гал Республика Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған томонидан комендантлик соати эълон қилинди. Тартиб 23 апрелдан кучга киради ва 26 апрель куни ярим тунда тугайди.
Хўш, фуқаролар карантин тартибларига риоя қилмаса ёки мамлакат пандемия даврида хавфсизлик чораларини кучайтирмаса, бунда жавобгарлик фуқарога тушадими ёки давлатга? Бу саволга Акмал Бурхонов қуйидагича жавоб берди.
Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ва YouTube’даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.“Шу даврда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ёки демократияни қўллаб-қувватлайдиганларни, афсуски, кўрмаяпмиз. Саволга жавоб берадиган бўлсам, биринчи навбатда масала фуқароларнинг зиммасида. Иккинчи жиҳатдан давлатга ҳам боғлиқ. Чунки, охир-оқибат ҳаммаси учун давлат жавоб беради”.
LiveБарчаси