Эришилган натижалар тиббиётимизнинг ютуғи эмас – Бурхонов (интервью)
Интервью
−
20 Апрель 2020
28445Ўзбекистон пандемия давридан қандай ўтяпти? Мамлакатни келажакда нималар кутмоқда? Давлатда касалликнинг даволаниши билан боғлиқ фоизлар нега паст? Сифатсиз интернет билан масофавий сифатли таълимни таъминлай оляпмизми? Шу каби саволлар QALAMPIR.UZ’нинг “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурхонов билан ўтказган суҳбатида кўтарилди.
“ТВда айрим экспертларнинг фикрларини эшитяпмиз. Мана, Европа мамлакатлари қанчалик ривожланган бўлса ҳам тиббиёт тизими яхшимас экан, деган гаплари қулоққа чалиняпти. Бу нотўғри фикр. Ҳозир солиштирадиган давр эмас. Тан олиб айтиш керак, Ўзбекистон – ривожланган давлат эмас. Ривожланаётган давлатлар қаторига киради. Лекин мана шу ҳолатда ҳам тиббиёт соҳасига ҳам, фуқароларнинг ўлими кам бўлишига ҳаракат қилиняпти. Бундан хулоса қилиш мумкинки, давлатнинг иқтисодий жиҳатдан буюклиги, фуқаронинг ижтимоий жиҳатдан ҳимоялангани, фақатгина иқтисодий барқарорлик роль ўйнамаслигини кўрдик. Бу ҳам биз учун катта дарс. Мен бу билан бошқа давлатларга қараганда бизда тиббиёт яхши эди, демоқчи эмасман. Чунки тиббиётдаги бўшлиқларни кўриб турибмиз. Буни инкор эта олмаймиз. Лекин биз келажак учун тўғри йўналишни танлаб олишимиз учун катта дарс бўляпти, деб ўйлайман”.
Айни вақтда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар 1565 кишини ташкил этмоқда. Улардан 5 нафари вафот этди. 238 нафари соғайди. Касалланганларнинг умумий сонига нисбатан соғайганлар 15,2 фиозни ташкил этмоқда. Хўш, бугунгача эришилган ютуқлар замирида нима ётибди? Бурхоновнинг фикрича бу ютуқлар тиббиётники эмас, балки мамлакатда ўз вақтида кўрилган карантин чоралари натижаси.
“Соғайиш ҳолати ва беморларнинг кўпайиши бир томон. АҚШда касалланганлар кўп дейиляпти, аммо бунинг бошқа томони ҳам бор. Чунки у ерда коронавирусга чалинганлик бўйича миллионлаб тестлар ўтказиляпти. Бу билан ўша давлатда касал кўп экан, деб айта олмаймиз. Балки, бошқа давлатларда ундан ҳам кўп бўлиши мумкин, лекин улар нуқтавий иш олиб боряпти. АҚШда кўп бемор аниқланишига ёппасига тест ўтказилаётгани сабаб бўлиши мумкин. Кейинги томонига эътибор берадиган бўлсак, давлатда битта касал чиқиб 1 киши ўлдими ёки 10 мингта бемор аниқланиб, шундан ўнтаси ўлдими, бунинг фарқи йўқ. Ўзбекистон мисолида айтадиган бўлсак, биз карантин чораларини эълон қилганимизда Ўзбекистонда беморлар сони 100 тага ҳам етмаган эди. Ва бунда касал 10 та бўлса ҳам, 1000 та бўлса ҳам иқтисодиётга, ижтимоий ҳаётимизга зарбаси бир хил эди. Яъни сонига боғлиқ эмас, демоқчиман. Карантин чораларининг кучайтирилиши касалланган ва ўлим ҳолатининг камайишига олиб келиши аниқ, лекин касалланганларнинг кўп ё камлигига қараб иқтисодиётга таъсирини баҳолаш тўғри деб билмайман.
Эришилган натижаларни ютуқ десак бўлади, аммо бу тиббиётнинг ётуғи деб айтолмаймиз. Бунинг сабаби чоралар кўришни вақтида бошлаганимиз. Бу давлат бошқарувчининг ютуғи, тиббиётнинг эмас. Мана, Россия, Беларуссияни кўрадиган бўлсак, ҳатто, Японияда ҳам касалликнинг бир тўлқини келди, чоралар кўрилди. Кейин ижтимоий тармоқларда Японияни мақташни бошлашди. Ҳамма уларнинг гигиена қодиларига риоя қилишини гапирди. Мен Японияда ўқиганман ва масала бунга боғлиқ эмаслигини ҳам биламан. Ҳукумат чораларни бўшаштирган эди, яна касалланганлар кўпайиб кетди. Кейин фавқулодда ҳолат режимини эълон қилишга мажбур бўлишди. Россияда эса бошида беэътибор қаралди.
Мен тўғрисини айтаман, тиббиётимизнинг ҳали жуда кўп қиладиган ишлари бор. Бу тиббиётнинг ютуғи эмас, биринчи навбатда давлат бошқарувининг ютуғи”, дейди Акмал Бурхонов.
Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ва YouTube’даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси