Туркияда 96 соатлик комендантлик соати жорий қилинди
Олам
−
21 Апрель 2020
5809Туркия Республикасида 4 кунлик комендантлик соатлари жорий қилинди. Бу ҳақда кеча, 20 апрель куни мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди.
“Мақсад — касалланиш ҳолатини камайтириш ва Рамазон ойидан кейин одатий ҳаётга қайтиш“, дейди Туркия раҳбари.
Халққа мурожаатида, Эрдўған, комендантлик соати 23 апрель куни кучга киришини ва 26 апрель ярим тунда тугашини айтди.
Маълумот учун, ўтган ҳафта Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Кожа расмий Анқаранинг коронавирусга қарши мамлакатда қўллаган чоралари муваффақиятга олиб келгани ҳақида айтиб ўтди. Аммо шунга қарамай Туркияда коронавирусга чалинганлар сони ортиб бормоқда. Статистикага кўра, бир ой муддатда мамлакатда 90 мингдан ортиқ одам коронавирусга чалинган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда коронавирус билан боғлиқ 90 980 та ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг 13 430 нафари соғайган, 2 140 нафари эса вафот этган. Мавжуд беморлар сони 75 410 кишини ташкил қилмоқда.