Туркияда карантин чекловлари фойда бермади

Олам

image

Туркияда карантин чоралари кун сайин кучайтирилишига қарамай нега коронавирус билан боғлиқ ҳолат кескин ортиб бормоқда? Нега бугун, 13 апрель куни бирданига 4 093 та янги ҳолат аниқланди? Буни ўтган ҳафта охирида бўлиб ўтган воқеалар билан боғлаш мумкин. 

Аввал хабар берганимиздек, 10 апрель куни соат 22:00 да Туркиянинг 31 вилоятида, жумладан Истанбул ва Анқара каби асосий шаҳарларда ҳам аҳолининг кўчага чиқиши тақиқланди ва коммендантлик соати эълон қилиниши айтилди. Кутилмаган ушбу баёнотдан сўнг, ярим тун бўлишига қарамай,  аҳоли ўзини урди. Бозорлар ва дўконларда одамлар ҳар қачонгидан тўлиб тошди. Нон дўконлари атрофида охири йўқ навбатлар пайдо бўлди. Автомобиллар ҳаракатланиши кескин ортиб кетди. 

Ҳатто, баъзи жойларда одамлар ўртасида низо келиб чиқиб, бу ёқалашишгача етиб борди. Вазият бу кўринишда давом этгач, аҳолига сув ва нон етказиб бериш хизматлари ёпилмаслиги, улар фаолиятини давом эттиши айтилди. Лекин, кеч бўлганди. Одамлар рўзғор ғамида карантинни унутди, ниқобларни тақиш билан боғлиқ талабга ҳам, масофа сақлаш тўғрисидаги қоидага ҳам амал қилмади. 

Ушбу ҳолат кўплаб эътирозларга сабаб бўлгач, коммендантлик соати эълон қилиниши таклифи билан чиққан Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу истеъфо берди. Бир неча соат давомида интернетнинг турк сегменти бу хабарни муҳокама қилди. Бироқ, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Сулаймон Сойлунинг истеъфосини қабул қилмагани хабар қилинди.  

Соат 00:00 бўлиши билан Туркиянинг кўпгина шаҳарларида одамлар кўчага чиқиб, автомобиллар сигналини босиб, Сулаймон Сойлунинг ўз вазифасида қолганини ва кўчага чиқиш тақиқининг тугаганини қутлади. 

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Туркияда коронавирусга чалинганлар 61 029 кишини ташкил этмоқда. Улардан 1 296 нафари вафот этган, 3 957 киши соғайган. 

Мадина Зариф


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Туркия

Баҳолаганлар

490

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг