Туркияда қаровсиз қолиб кетган 3 бола Ўзбекистонга қайтарилди
Олам
−
03 Октябрь
4532Турли сабаблар туфайли Туркиянинг Истанбул шаҳрида ота-онасининг қармоғидан маҳрум бўлган уч нафар вояга етмаган болалар кеча, 2 октябрь куни Тошкент шаҳрига юборилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 16 ёшли ва 6 ёшли 2 нафар қизлар ва 11 ёшли 1 нафар ўғил бола яқин қариндошларининг мурожаатлари асосида Истанбул шаҳридаги Бош консулхона, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида масъул ходимларнинг кузатуви остида Ўзбекистонга қайтарилган.
“Шу ўринда, ота-оналардан вояга етмаган фарзандларини хорижий давлатларда назоратсиз қолдирмаслик, бефарқ бўлмаган фуқаролардан эса чет элда қаровсиз қолиб кетган болажонлар тўғрисида зудлик билан Ўзбекистон Республикасининг хорижий дипломатик ваколатхоналарига хабар бериш сўралади”, дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда ота-онаси ва қонуний вакиллари мавжуд бўлмаган Ўзбекистоннинг 14 нафар вояга етмаган фуқароси мамлакатга қайтарилганди.