Туркия ШҲТга аъзо бўлмоқчи
Олам
−
12 Июль
6628Туркия Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлмоқчи эканлигини маълум бўлди. Бу ҳақда мамлакат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 11 июль куни Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган НАТО саммити арафасида журналист билан учрашувда сўз очди.
“Ҳозирда ШҲТ кузатувчиси мақомига эга бўлган Туркия ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлишни мақсад қилган. Шанхай бешлигига қўшилишимиз керак”, деган Эрдўған матбуот анжуманида.
У жорий йилнинг 3-4 июль кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида иштирок этиб, бу масалани Россия ва Хитой раҳбарлари билан муҳокама қилганини ҳам қўшимча қилди.
Маълумот учун, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин Туркия НАТОга аъзо бўлишига қарамай, ташкилот фаолиятида фаол иштирок этишини, бу бошқа давлатларга қарши қаратилмаганини айтганди. Миннинг сўзларига кўра, турк томони билан ўзаро ҳамкорлик ташкилот низомида белгиланган тамойиллар асосида олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан мамлакатнинг BRICSʼга аъзо бўлмоқчилигини айтганди ва бу масала иттифоқ вазирларининг Нижний Новгороддаги йиғилишида муҳокама қилиниши хабар қилинганди.