Туркия Покистонга ҳарбий самолёт жўнатди – ОАВ

Олам

image

Кеча, 27 апрель куни Туркия Ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳарбий транспорт самолётлари Покистонга йўл олди. Бу ҳақда “The Daily Guardian” хабар берди.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасида кескинлик кучайган бир пайтда Туркиянинг бир неча ҳарбий транспорт самолётлари Покистонга жўнатилди. Уларнинг парвози “Flightradar” хизмати томонидан қайд этилган.

Покистонлик манбалар Туркия Ҳарбий-ҳаво кучларининг 6 та С-130 ҳарбий-транспорт самолёти Исломободдаги ҳарбий базага қўнганини даъво қилмоқда.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги можаро Кашмирда 26 кишининг ҳаётига зомин бўлган теракт ортидан авж олди. 22 апрель куни бир гуруҳ қуролланган жангарилар сайёҳларга ҳужум қилган.

Ҳиндистон ҳукумати фожиа ортида расмий Исломобод турганини иддао қилмоқда. Ҳиндистон дипломатлари мамлакатдан чақириб олинди ва чегарада мунтазам отишмалар бошланди.

Покистон Ҳиндистон билан чегарага ҳарбий техникани кўчиришни бошлади: Ҳиндистон чегарасидан 80 км узоқликда Ҳақиқий назорат чизиғи томон Покистон армиясининг ўнлаб SH-15 155 мм ўзиюрар қуроллари аниқланди.

Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви

Эслатиб ўтамиз, 22 апрель куни Кашмир минтақасининг Ҳиндистон ҳудудидаги Пахалгам шаҳри яқинидаги сўқмоқ бўйлаб ҳаракатланаётган сайёҳларга террорчилар ҳужум қилган эди. Оқибатда 26 нафар ҳиндистонлик ва 1 нафар Непал фуқароси ҳалок бўлди.

Шундан сўнг Ҳиндистон Покистонга нисбатан қатор чоралар кўрилишини эълон қилди. Хусусан, қуруқликдаги ягона очиқ чегара пункти Аттари ёпилишини ва Ҳинд дарёсининг суви тўсилиши билдирилди.

Бунга жавобан Покистон Ҳиндистон учун ҳаво ҳудудини ёпиб, Ҳинд дарёси сувининг тўсилиши уруш эълон қилиш сифатида баҳолашини маълум қилди. Бу орада икки давлат фуқароларини SAARC визасидан озод қилиш тизими тўхтатилди ва уларга тез фурсатда мамлакатларни тарк этиш буюрилди.

25 апрелга ўтар кечаси эса Ҳиндистон ва Покистон ҳарбийлари Жамму ва Кашмирда жойлашган назорат чизиғи бўйлаб бир-бирига қарата ўт очди. Ҳозирча ҳар икки томон йўқотишлар ҳақида расмий маълумот бермаган. Ҳалок бўлганлар ёки яраланганлар бор-йўқлиги номаълум. Шунга қарамай, Деҳли ва Исломобод бир-бирини ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда айбламоқда.

Маҳаллий нашрлар эса Покистон Ҳиндистоннинг Ҳинд дарёси оқимини тўхтатиши ёки йўналишини ўзгартиришга уринишларини уруш ҳаракати сифатида баҳолаши ҳақида расман огоҳлантирганига қарамай мазкур дарё оқими тўлиқ тўсиб қўйганини хабар қилмоқда. Бу 1960 йилда имзоланган Ҳинд дарёси сув ресурслари бўйича битимдан буён биринчи марта кузатилмоқда. Мазкур шартнома сиёсий келишмовчиликларга қарамасдан, томонларни сув ресурсларини биргаликда бўлишишга мажбур қиларди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Покистон ҳарбий самолёт Flightradar

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг