Туркия парламенти Макка пактини ратификация қилди
Олам
−
13:41 741 2 дақиқа
Кеча, 5 ноябрь куни Туркия Буюк миллий мажлиси Бош ассамблеяси “Туркия Республикаси, Покистон Ислом Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги қўшма мудофаа тўғрисидаги Макка битимини ратификация қилишни маъқуллаш ҳақида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Қайд этилишича, Бош ассамблея йиғилишида қонун лойиҳаси моддаларини муҳокама қилиш учун сўзга чиққан “Янги йўл” партиясининг Истанбулдан сайланган депутати Бирол Ойдин парламент аъзоларини овоз беришда виждон амри ва ақл-идрокка бир вақтнинг ўзида таянишга чақирган.
Жумҳурият Халқ партиясининг (ЖХП) Ҳатай вилоятидан депутати Меҳмет Гузелмансур битимни қўллашнинг Туркиянинг бошқа халқаро мажбуриятлари билан зиддиятларга йўл қўймайдиган аниқ ёзиб қўйилган қоидалари зарурлигини баён қилган.
Гузелмансур давлат маблағларидан фойдаланишни ва Туркия номидан қарорлар тайёрлашни назарда тутувчи ҳеч қандай механизмлар парламент назоратидан ташқарида қолмаслиги кераклигини билдирган.
Адолат ва тараққиёт партиясининг Конядан сайланган депутати Зиё Олтинйилдиз битим минтақада хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилганини маълум қилган. У ҳужжат ҳеч қандай учинчи мамлакатга қарши қаратилмаганлигини, унинг асосий вазифаси эса можароларни кескинлаштириш эмас, балки уларнинг келиб чиқишининг олдини олишдан иборат эканлигини қайд этган.
Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси Бош ассамблеяда овоз беришга қўйилган.
Овоз бериш якунларига кўра, “Туркия Республикаси, Покистон Ислом Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги қўшма мудофаа тўғрисидаги Макка битимини ратификация қилишни маъқуллаш ҳақида”ги қонун лойиҳаси қабул қилинган. 279 нафар депутат қонун лойиҳасини қабул қилиш учун овоз берган, 119 нафари қарши чиққан, бетараф қолганлар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, Макка мудофаа альянси 2026 йил 7 августда Саудия Арабистони, Покистон ва Туркия томонидан қўшма мудофаа тўғрисидаги битим имзоланганида ташкил этилган эди. Ҳужжат иштирокчи мамлакатлардан бирортасига қилинган қуролли ҳужумни учтасига ҳам қилинган ҳужум сифатида кўриб чиқишни назарда тутади.
Live
Барчаси