Туркия НАТОдан қувилиши мумкин – CNN

Олам 19161
image

Туркия расмийларининг Финляндия ва Швециянинг альянсга аъзолиги бўйича позицияси туфайли мамлакат НАТОдан чиқариб юборилиши билан таҳдид қилиниши мумкин. Бу ҳақда CNN шарҳловчиси Дэвид Анделманнинг мақоласида айтилади.

“Туркияни НАТОдан чиқариб юбориш ҳақида аллақачон кўп фикрлар бўлганди, айниқса [Туркия Президенти Ражаб Тойиб] Эрдўған уч йил аввал Россиядан С-400 ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олганидан кейин”, дейди журналист.

Унинг қўшимча қилишича, бундай қарор Шимолий Атлантика альянсининг стратегик аҳамиятга эга минтақадаги позициясини заифлаштириши мумкин.

Анделман Эрдўғанни Россия Президенти Владимир Путин учун “фойдали дўст” деб атаган. Унинг сўзларига кўра, Россия давлат раҳбарининг ғарб иттифоқлари унинг амбицияларига тўсқинлик қилишига йўл қўймаслик учун бутун дунё бўйлаб етарлича иттифоқдошлари бор.

Қайд этиш керакки, Эрдўған Финляндия ва Швеция НАТОга киришга ариза берса, уни қўлламаслигини айтган. Бунга Анқара ушбу икки давлат террорчилар учун бошпанага айланганини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.

“Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Шимолий Европа минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда Россия-Финляндия икки томонлама муносабатларига жиддий зарар етказади. Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Бундан ташқари, Швециянинг ҳукмрон Социал-демократик партияси раҳбарияти 15 май куни Альянсга қўшилиш бўйича ўз позициясини эълон қилади. ОАВ хабарларига кўра, мамлакат келаси ҳафта НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беради.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.

Финляндия ва Швеция Россиянинг Украинага ҳужуми фонида узоқ муддатли бетарафликдан воз кечиш ва НАТОга қўшилиш имкониятлари ҳақида гапира бошлади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 210
Рейтинг: 3
Теглар
t
×