Туркия НАТО билан муносабатларини Байден орқали яхшиламоқчи – Bloomberg

Олам

image

Туркия АҚШнинг янги сайланган Президенти Жозеф Байден маъмуриятига яқинлашиш ҳисобига НАТОдаги шериклари билан муносабатларининг яхшиланишига умид қилмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” агентлиги манбаларига таяниб хабар берди.

"Bloomberg" маълумотларига кўра, Туркия Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан чекловлар қўйилишидан хавотирда. Шу каби бир қанча омиллар сабаб Туркия Ҳукумати мамлакат ташқи сиёсатини қайта кўриб чиқиш ниятида.

Агентликка кўра, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған “Байденнинг давлатлараро ташкилотларга ва трансатлантик алоқаларга бўлган ишончи” Анқаранинг НАТОдаги шериклари билан муносабатларини яхшилашга ёрдам беришига умид қилмоқда.

Шунингдек, расмий Анқарада Байден маъмурияти билан яқин алоқа ўрнатиш мамлакатнинг қурол-яроғ битимларини тузиш имкониятини оширади деган умид бор.

Аввалроқ, Европа Парламенти Иттифоққа аъзо давлатларни Туркиянинг Ўрта ер денгизидаги хатти-ҳаракатлари сабабли унга қарши қаттиқ санкцияларни қўллашга чақирувчи резолюция қабул қилган эди. 

Европа Иттифоқи ва Туркия муносабатлари 10-11 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган саммитда Европа Иттифоқи давлатлари ва ҳукуматлари раҳбарларининг диққат марказида бўлиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Анқаранинг Москва билан Ливия ва Суриядаги манфаатлар хилма-хиллиги фонида “тобора кўчайиб бораётган келишмовчиликлари” ҳамда Тоғли Қорабоғ можаросида “Туркия Озарбайжонни қўллаб-қувватлаб, Россиянинг Кавказдаги орқа ҳовлисига бостириб киргандан” сўнг икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашиши ҳам Анқарани мамлакат ташқи сиёсатини қайта кўриб чиқишга ундаши мумкин.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғда ўт очишни ва ҳарбий ҳаракатларни буткул тўхтатиш бўйича баёнот имзолаган эди

16 ноябрь куни эса Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Озарбайжон Республикасига қўшин юбориш тўғрисида фармон имзолаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Туркия Байден

Баҳолаганлар

30

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг