Туркия мухолифати 20 йил ичида илк бор маҳаллий сайловларда Эрдўғаннинг партиясини мағлуб қилди
Олам
−
01 Апрель
7895Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси сўнгги 20 йил ичида илк бор муниципал сайловларда асосий мухолифатдаги “Жумҳурият Халқ” партиясига мағлуб бўлди. Овоз бериш натижаларини эълон қилиш ваколатига эга бўлган TRT давлат телеканалининг сўнгги маълумотлари шуни кўрсатди.
Телеканал томонидан узатилган норасмий дастлабки маълумотларга кўра, протоколларнинг деярли 95 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан сўнг, “Жумҳурият Халқ” партияси йирик шаҳарлар мерлари лавозимлари учун курашда 37,3 фоиз, “Адолат ва тараққиёт” партияси эса 35,7 фоиз овоз олган.
Охирги ўн йилликларда биринчи марта мухолифат республиканинг барча йирик шаҳарларида, жумладан Адана, Анқара, Анталия, Бурса, Измир ва Истанбулда ғалаба қозонди.
Мансур Яваш Анқара мэри бўлиб қолмоқда, у 59,5 фоиз овоз билан “Адолат ва тараққиёт” партиясидаги асосий рақиби Турғут Олтинок (32 фоиз)ни ортда қолдирди. Экрем Имомўғли 50,8 фоиз овоз билан Истанбул мэри лавозимида қолмоқда. Ҳукмрон партия номзоди Мурат Курум 40% овоз олган. Анталия ва Измир анъанавий равишда мухолифатнинг таянч нуқталари ҳисобланади ва у ерда номзодлар ўртасидаги тафовут мухолифат фойдасига тахминан 10 фоизни ташкил қилади.
Туркия Олий сайлов комиссияси бугун, 1 апрель куни сайловнинг дастлабки натижаларини эълон қилмоқчи. Айни пайтда партия етакчилари ва номзодлар аллақачон ғалабани эълон қилган ёки мағлубиятини тан олган. Яваш ва Имомўғли сайловлардаги ғалабасини нишонлади.
"Сайлов участкаларидан келган протоколларнинг 96 фоизини санаш натижаларига кўра, биз 52 фоиздан кўпроқ, яъни 1 миллиондан ортиқ овоз олдик. Сайловда ғалаба қозондик. Қўллаб-қувватлаганингиз учун барчангизга раҳмат", деган Имомўғли Истанбулда сўзлаган нутқида.
У 2019 йилдан бери Истанбулни бошқариб келади, ўшанда у сайловларда 54,2 фоиз овоз олган. Имомўғли 2028 йилда бўлиб ўтадиган Туркия Президенти сайловида потенциал номзод сифатида кўрилади.
“Жумҳурият Халқ” партияси раҳбари Ўзғур Ўзел ўз партиясининг жуда катта муваффақиятини таъкидлаб, "1978 йилдан бери биринчи марта давлат телевидениеси ушбу партияни овоз бериш лидери деб атаганини" алоҳида таъкидлади.
Ўз навбатида, Эрдўған партияси сайловларда керакли натижаларга эриша олмаганини тан олди, аммо бу “охири эмас, балки бурилиш нуқтаси” эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, “Адолат ва тараққиёт” партияси керакли хулосалар чиқаради, содир бўлган воқеаларни таҳлил қилади ва йўл қўйилган хатоларни тузатади.
“2023 йилнинг май ойида бўлиб ўтган [умумий ва президентлик] сайловларида ғалаба қозонганимиздан тўққиз ой ўтиб, афсуски, муниципал сайловларда биз хоҳлаган ва кутган натижага эриша олмадик. Натижалар таҳлил қилинади. Сайлов қутилари орқали халқ бизга ўз сўзини, хоҳиш-иродасини, огоҳлантиришини етказди. Биз халқимизнинг қарорини эътиборсиз қолдирмаймиз, унинг иродасига қарши ҳаракат қилмаймиз ва уни шубҳа остига қўймаймиз”, дейди у Анқарада.
Эрдўған сайловларни демократияга лойиқ деб атади. У яқин тўрт-беш йил ичида “Адолат ва тараққиёт” партияси ва у раҳбарлик қилаётган маъмурият "йўл қўйилган хатоларни тўғрилаши"ни тушунтирди.
"Ўтган йили бошланган умумий ва муниципал сайловлар марафон бугун якунига етди. Бизда ҳали тўрт йилдан кўпроқ вақт бор. Ушбу тўрт-беш йил ичида биз ўзимизнинг долзарб муаммоларга кўпроқ эътибор қаратамиз. Мамлакатимиз, айниқса, зилзиладан зарар кўрган ҳудудларни тиклаш, иқтисодий муаммоларимизни ҳал қилиш бўйича ишлаймиз. Миллатнинг сайловларда бизга берган хабарларини имкон қадар тўғри ва объектив таҳлил қилиш учун ҳамма нарсани қиламиз. Биз яна бир бор халқимизга ва бутун Туркияга ваъда берамиз: 85 миллион фуқаромизнинг ҳар бирининг фаровонлиги, тинчлиги, хавфсизлиги ва умидини яхшилаш учун тинмай, дам олмасдан меҳнат қиламиз" дейди Эрдўған.
Туркия Президентининг сўзларига кўра, сайловлар тинч муҳитда, жиддий ҳодисаларсиз ўтган ва демократия учун яхши синов бўлган.
“Улар биз учун охири эмас, балки бурилиш нуқтасининг бошланиши эди”, дея таъкидлайди Эрдўған.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 31 март куни бўлиб ўтган муниципал сайловлар пайтида одамлар орасида жанжал чиққан ва оқибатда икки киши вафот этганди.