Туркия илк электромобилини чиқарди. Уни Эрдўған синовдан ўтказди

Олам 19143

Бугун, 27 декабрь куни Туркия ўзининг биринчи миллий электромобиллари тақдимотини ўтказди. Маросимда мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам иштирок этди ва янги автомобилни шахсан ҳайдаб, синовдан ўтказди.

“Бугун мамлакатимиз учун тарихий кун, Туркиянинг 60 йиллик орзуси рўёбга чиқаётганига биргаликда гувоҳлик қиляпмиз. Кўп йиллардан бери Туркияга ўзининг автомобиль саноати кераклигини, биз монтажчиликдан кўпроғига лойиқ эканимизни айтамиз”, деди Эрдўған маросимдаги нутқида.

Электромобиллар SUV C кроссовери ва седан шаклида ишлаб чиқилган. Келгусида автомобиль 200 ва 400 от кучига эга бўлган икки хил вариантда чиқарилади. Автомобиллар 300 ва 500 км масофага бора оладиган икки турда ишлаб чиқилган. Электромобиллар атроф-муҳитга ҳеч қандай зарар етказмайди. 30 дақиқада 80 фоиз қувватланади. Ҳозир электромобилларни  30 дақиқада тўла қувватланишини таъминлаш устида иш олиб бориляпти.

“Турк автомобиллари ташаббускор гуруҳи” (Türkiye'nin Otomobili Girişim Grubu) компанияси раҳбари Риват Хисаржикўғлу Туркиядаги завод қурилиши 2021 йилда якунланиши, бир йилдан кейин илк автомобиллар конвейрдан чиқишини айтиб ўтди.

Электромобилларни Туркия шимоли-ғарбидаги Бурса вилоятида серияли ишлаб чиқаришни бошлаш режалаштириляпти. Йилига бешта автомобиль моделидан умумий 175 мингта ишлаб чиқариш мўлжалланяпти. Лойиҳага 22 млрд турк лираси миқдорида инвестиция киритилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 787
Рейтинг: 3.2
t
×