Туркия Германия билан донер масаласидаги баҳсдан воз кечди
Олам
−
26 Сентябрь 2025 6136 2 дақиқа
Туркия Германия билан “донер-кабоб анъанавий таом” масаласидаги баҳсдан воз кечди. Бу ҳақда “Tagesschau” хабар берди.
“Донерни кафолатланган анъанавий таом сифатида рўйхатдан ўтказиш аризаси 2025 йил 23 сентябрь куни қайтариб олинди. Бу автоматик тарзда рўйхатдан ўтказиш жараёнининг тўхтатилишини англатади”, дея тасдиқлаган Еврокомиссия.
Туркия 2022 йилда Еврокомиссиядан донер-кабобга “анъанавийлиги кафолатланган маҳсулот” мақомини беришни сўраган. Агар бу ариза маъқулланганида, кабоб тайёрлаш қоидалари қатъий белгилаб қўйиларди. Бундай ҳолда мол гўштидан тайёрланган кабоб ҳамда сабзавотдан тайёрланган варианти тақиқланиши мумкин эди. Бундан ташқари, Туркия маринад таркиби, гўшт бўлакларининг қалинлиги ва маринад қилиш вақтини ҳам регламентлашни режалаштирганди.
Туркиянинг аризасига Германия ҳукумати эътироз билдирган. Мутахассислар баҳосига кўра, бунинг ортидан Германиядаги донер-кабоб сотувчи тамаддихоналарнинг 80-90 фоизи ўз маҳсулотини “донер-кабоб” деб аташ ҳуқуқидан маҳрум бўлар эди.
Еврокомиссия 2024 йилнинг сентябрида икки давлатга низони ҳал қилиш учун олти ой муддат берган. Маслаҳатлашувлар 20 март куни якунланган, шундан кейин комиссия масалани кўриб чиққан. “Bild” маълумотига кўра, комиссия Туркия аризасини рад этишга тайёргарлик кўрган.
Германия ҳукумати Туркиянинг аризани қайтариб олишини олқишлаган. Германия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “бошқа ҳар қандай қарор ишлаб чиқарувчилар, ресторанлар ва истеъмолчилар учун салбий оқибатларга олиб келган бўларди”, дея баёнот берган.
Қайд этиш жоиз, донер-кабоб Туркиянинг миллий таоми ҳисобланади. У XIX асрнинг ўрталарида Анқарага яқин ҳудудларда, кейинроқ Истанбулда пайдо бўлган. Дастлаб қўй гўштидан тайёрланган, ликопчада гуруч ёки сабзавот билан тортилган. Кейинчалик турк муҳожирлари уни Германия ва бошқа давлатларга олиб кирган.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025