Туркия эшикларини очди. 40 мамлакат, жумладан, Ўзбекистон билан авиақатновлар тикланяпти

Олам 5552
image

Туркия 10 июндан бошлаб 40 мамлакат билан халқаро парвозларни бошлайди. Бу ҳақда бугун, 4 июнь куни Республика транспорт ва инфратузилма вазири Адил Караисмаилоғлу маълум қилди.

"Ушбу ойдан халқаро рейслар бошланади. 40 мамлакат билан парвозлар қайта тикланади. 10 июндан бошлаб биринчи рейслар Болгария, Қатар, Греция, Баҳрайн ва Шимолий Кипрга", деди у.

Турк вазирининг сўзларига кўра, биринчи босқичда Анқара 15 мамлакат билан парвозларни қайта тиклаш тўғрисида дастлабки келишувга эришган.

"Ҳозирда биз Шимолий Кипр, Австрия, Литва, Сербия, Қозоғистон, Албания, Беларусь, Бирлашган Араб Амирликлари, Молдова, Ўзбекистон, Украина, Марокаш, Иордания, Судан ва Италия билан келишувга эришдик", дея қўшимча қилди Караисмаилоғлу.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 1 июндан бошлаб Туркияда ички рейслар қайта тикланди. Мамлакатнинг асосий авиакомпанияси Turkish Airlines 18 июндан бошлаб Европага халқаро рейсларни амалга ошира бошлайди.

Туркия коронавирус пандемияси сабаб барча ички ва халқаро авиақатновларни тўхтатган эди. Жумладан, Ўзбекистон билан ҳам. Бироқ пандемия вазияти юмшагач, икки давлат ҳам халқаро туризмга алоҳида эътибор қаратди.

Жумладан, кеча бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шундай деди:

“1 июндан бошлаб ички туризмнинг ривожланишига катта эътибор бердик. Шу билан бирга, ташқи туризмда қайси мамлакат бизни қабул қилишга тайёр бўлса, биз ҳам тайёр бўламиз. Биз дарров самолётларимизни учирамиз. Мана, Туркия билан гаплашяпмиз. Улар ташқи туризмни очиши билан биз ҳам очамиз”.

Айни кунларда Туркияда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 166 мингдан ошди, 4 609 киши вафот этди, 130 852 бемор соғайди.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 201
Рейтинг: 3
t
×