Туркия делегацияси Эрдўған ва Байден бошлаган ишни тугатиш учун АҚШга кетди
Олам
−
15 Август 2022
5477Туркия Мудофаа вазирлиги техник делегацияси Америка томонининг таклифига биноан F-16 қирувчиларини модернизация қилиш ва сотиб олиш масаласини муҳокама қилиш учун АҚШга жўнаб кетди. Бу ҳақда “Haberturk” маълум қилди.
“Туркия Миллий мудофаа вазирлигининг техник делегацияси АҚШ таклифига биноан F-16 самолётларини модернизация қилиш ва сотиб олиш жараёнини тезкорлик билан амалга ошириш мақсадида ушбу мамлакатга жўнаб кетди”, дейилади хабарда.
Аввалроқ томонлар ушбу мавзу бўйича бир қатор маслаҳатлашувлар ўтказгани қўшимча қилинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 июнь куни АҚШ Президенти Жо Байден Мадридда ўтган НАТО саммитидан сўнг Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашди ва суҳбат давомида АҚШ Туркияга F-16 қирувчиларини етказиб бериши ҳамда модернизациясини йўлга қўйишини, бу ҳақидаги ҳужжатни Конгресс тезроқ маъқуллашига таъсир кўрсатишини ваъда қилди.
30 июнь куни НАТО саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Жо Байден Туркияга F-16 қирувчи самолётларини сотиш бўйича Конгресс розилигини олишга умид қилаётганини айтди.
Аввалроқ Туркия АҚШдан 40 та F-16 Block 70 русумли қирувчи самолёт ва 80 та Block 70 русумли ҳаво кемаларини янгилаш тўпламларини сўраган эди. Анқарада F-16 ни сотиб олиш истаги Россиядан С-400 зенит-ракета мажмуасини сотиб олиш муносабати билан бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётларини ишлаб чиқариш бўйича Америка дастуридан чиқарилганидан кейин эълон қилинди.
LiveБарчаси