Буни қилмасак бўлмайди – Байден Туркияга F-16 қирувчиларини сотишини айтди
Олам
−
30 Июнь 2022
6948АҚШ Туркияга F-16 қирувчи самолётларини сотиши, шунингдек, уларни модернизация қилиши керак. Бу ҳақда бугун, 30 июнь куни НАТО саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ Президенти Жо Байден айтиб ўтди.
Америка етакчисидан туркиялик ҳамкасби Ражаб Тойиб Эрдўғанга F-16 самолётларини етказиб бериш борасида қандай кафолатлар бергани сўралган.
“Декабрь ойида айтганларимни айтдим. Биз уларга F-16 ларни сотишимиз, шунингдек, бу самолётларни модернизация қилишимиз керак. Буни қилмаслик бизнинг манфаатларимизга тўғри келмайди”, деб жавоб берди Байден ва бундай келишувлар АҚШ Конгресси томонидан маъқулланиши кераклигини эслатиб.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 июнь куни АҚШ Президенти Жо Байден Мадридда ўтган НАТО саммитидан сўнг Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашди ва суҳбат давомида АҚШ Туркияга F-16 қирувчиларини етказиб бериши ва модеренизациясини йўлга қўйишини, бу ҳақидаги ҳужжатни Конгресс тезроқ маъқуллашига таъсир кўрсатишини ваъда қилди.
АҚШ Мудофаа вазирининг ташқи ишлар бўйича ёрдамчиси Селест Уолландернинг айтшича, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилиши бўйича ўзининг вето қўйиш таҳдидини бекор қилишга рози бўлгач, АҚШнинг Туркияга нисбатан позицияси ҳам ўзгарган.
Селест Уолландернинг сўзларига кўра, бу режалар ҳали ҳам ишлаб чиқилмоқда, Қўшма Штатлар Туркиянинг кучайишини қўллаб-қувватлайди, чунки у “НАТО хавфсизлигига ҳисса қўшади”.
Аввалроқ Туркия АҚШдан 40 та F-16 Block 70 русумли қирувчи самолёт ва 80 та Block 70 русумли ҳаво кемаларини янгилаш тўпламларини сўраган эди. Анқарада F-16 ни сотиб олиш истаги Россиядан С-400 зенит-ракета мажмуасини сотиб олиш муносабати билан бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётларини ишлаб чиқариш бўйича Америка дастуридан чиқарилганидан кейин эълон қилинди.
LiveБарчаси