Эрдўған Мадриддан “халта”сини тўлдириб қайтяпти. Байден F-16 ларни беришга рози бўлди
Олам
−
30 Июнь 2022
17375АҚШ Президенти Жо Байден Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғанни F-16 қирувчи самолётлари масаласини АҚШ Конгресси орқали ҳал этишга ҳаракат қилишига ишонтирди. Бу ҳақда 29 июнь куни Туркиянинг NTV телеканали икки давлат раҳбарларининг НАТО саммити доирасида Мадриддаги музокаралари якунлари бўйича хабар берди.
Туркия Президенти НАТО саммитига боришдан олдин АҚШни F-16 қирувчиларини етказиб бериш жараёнини кечиктираётганликда айблаганди.
АҚШ Мудофаа вазирининг ташқи ишлар бўйича ёрдамчиси Селест Уолландер эса Туркиянинг F-16 қирувчи самолётлари паркини модернизация қилишни АҚШ тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
“АҚШ Туркиянинг F-16 флотини модернизация қилиш режасини тўлиқ қўллаб-қувватлайди”, дейди Уолландер.
Қайд этилишича, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилиши бўйича ўзининг вето қўйиш таҳдидини бекор қилишга рози бўлгач, АҚШнинг Туркияга нисбатан позицияси ҳам ўзгарган.
Селест Уолландернинг сўзларига кўра, бу режалар ҳали ҳам ишлаб чиқилмоқда, Қўшма Штатлар Туркиянинг кучайишини қўллаб-қувватлайди, чунки у “НАТО хавфсизлигига ҳисса қўшади”.
Аввалроқ Туркия АҚШдан 40 та F-16 Block 70 русумли қирувчи самолёт ва 80 та Block 70 русумли ҳаво кемаларини янгилаш тўпламларини сўраган эди. Анқарада F-16 ни сотиб олиш истаги Россиядан С-400 зенит-ракета мажмуасини сотиб олиш муносабати билан бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётларини ишлаб чиқариш бўйича Америка дастуридан чиқарилганидан кейин эълон қилинди.
LiveБарчаси