Тарихий учрашув. Байден ва Эрдўған Мадридда музокара ўтказди

Олам

image

Бугун, 29 июнь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва АҚШ етакчиси Жо Байден Мадриддаги НАТО саммити доирасида учрашди. Учрашув бир соатга яқин давом этди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.

Эрдўған ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган учрашув олдидан ўтказилган қисқа мулоқатда, Россия-Украина инқирози шароитида НАТОни мустаҳкамлаш учун ташланган қадамларнинг “алоҳида ҳиссаси” бўлишини айтди.

Шунингдек, Туркия Президенти Россия-Украина урушининг ғалла ва нефт нархига салбий таъсир кўрсатганини қўшимча қилди. 

“Бу борада мувозанатли сиёсат билан жараённи ҳал қилишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу мувозанатли сиёсат билан натижага эришамиз деган умиддамиз”, дея таъкидлади.

У ҳозирда ғалла етишмайдиган мамлакатларга тез орада йўлаклар очишга умид билдирди.

Байден, Эрдўғанга Украинадан миллионлаб тонна ғалла олиб чиқиш ва Швеция ҳамда Финляндиянинг НАТО аъзолигини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.

Учрашувда Туркия тарафдан мамлакат Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли, Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Алоқа директори Фаҳреттин Алтун, Президент матбуот котиби Иброҳим Калин ва разведка хизмати раҳбари Ҳакан Фидан ҳам иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 июнь куни Туркия, Финляндия Президентлари, Швеция Бош вазири ва НАТО Бош котиби иштирокида НАТО саммити олдидан тўрт томонлама музокаралар ўтказилди. Музокаралар натижасига кўра, уч мамлакат Ташқи ишлар вазирлари “Учлик меморандуми”ни имзоладилар. Меморандумга кўра, Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашда барча талабларни бажаради, Туркияда террористик ташкилот деб тан олинган тузилмалар – Курдистон ишчи партияси, Сурия халқ мудофааси отряди ва ФЕТО билан мулоқотни тўхтатади ва ўзи ҳам уларни террористик ташкилот сифатида қайд этади. Қолаверса, миллий қурол-яроғ эмбаргоси олиб ташланади.

Ушбу келишувлардан сўнг, АҚШ Президенти Жо Байден Twitter'даги саҳифасига Финляндия Президенти ва Швеция Бош вазири билан тушган суратини жойлаштириб, Туркия, Финляндия ва Швецияни ўзаро мулоқотнинг муваффақиятли якуни билан табриклади


Мақола муаллифи

Теглар

Эрдўған Мадрид Байден НАТО саммити

Баҳолаганлар

196

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг