Туркия бир қанча давлат раҳбарларини митингга таклиф қилди
Олам
−
27 Октябрь 2023
21578Туркия эртага, 28 октябрь куни Истанбулда бўлиб ўтадиган Фаластинни қўллаб-қувватловчи йирик митингга бир неча давлат раҳбарларини таклиф қилди. Бу ҳақда “Sabah” газетаси хабар берди.
Манбага кўра, митингга хорижий давлатлар раҳбарлари, шунингдек, маънавият арбоблари таклиф этилган. Улар қаторида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ва Миср Президенти Абдел Фаттоҳ ас-Сиси, шунингдек, Ливия, Ливан ва Иордания давлатлари раҳбарлари ҳам бор. Газета улар таклифни қабул қилгани ёки йўқлигига аниқлик киритмаган.
Маълумот учун, кеча, 26 октябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакат парламентида сўзлаган нутқида республика фуқароларини фаластинликлар билан бирдамликка чақирган эди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия Президентининг қизи Сумая Эрдўған ҳам Фаластинни қўллаб-қувватловчи митингда қатнашганди.